Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

07 Сентябрь 2023

“Ўзбекистон Республикаси Капитал бозори” V халқаро конференциясида Давактив агентлиги вакиллари иштирок этди

Жорий йилнинг 7 сентябрь санасида молиявий бозорлар бўйича бизнес конференцияларнинг етакчи провайдери Cbonds-Congress ва Инвестиция институтлари миллий уюшмаси томонидан мамлакатимиз Капитал бозорини ислоҳ қилиш ва уни жадал ривожлантириш истиқболлари муҳокамасига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Капитал бозориV халқаро конференцияси ташкил қилинди.

Анъанага айланган мазкур конференция капитал бозорини тартибга солувчи масъул органлар, маҳаллий банклар, инвестиция ва ишлаб чиқариш компаниялари, шунингдек, халқаро молия институтлари, рейтинг агентликлари ҳамда кўплаб ушбу соҳа экспертларини бир мақсадда бирлаштирди.

Мазкур тадбирда Давактив агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев иштирок этиб, ўз маърузасида шаффоф ва рақамли тизим фаолиятига ўтиш йўлида Давлат корхоналарининг фаолияти тўғрисидаги йиғма ҳисоботни ҳар йили ошкор қилиш амалиёти жорий этилганлиги, эндиликда, давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши аъзолигига номзодларни қабул қилиш ва давлат корхоналари раҳбарларини тайинлаш танлов асосида амалга оширилиши ҳақида таъкидлаб ўтди.

Шу билан бирга, мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор, давлат иштирокидаги корхоналарни бошқаришнинг фундаментал ҳуқуқий асосига айланган Давлат мулкини бошқариш тўғрисидаги Қонунни қабул қилинганлиги, қолаверса, корпоратив бошқарув йўналишида муҳим аҳамиятга эга янги таҳрирдаги корпоратив бошқарув қоидалари, ахлоқ кодекси ва бошқа бир қатор ҳужжатлар халқаро илғор тажрибалар, шу жумладан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг корпоратив бошқарув раҳбарлик тамойиллари асосида ишлаб чиқилганлиги ҳамда амалиётга жорий этилганлигини маълум қилди.

Бундан ташқари, мамлакатимиз иқтисодиётида давлат иштирокини қисқартириш, бунда хусусийлаштириш дастури ва уни амалга ошириш бўйича қилинаётган ислоҳотлар билан конференция қатнашчилари батафсил таништирилди.

Тадбирда иштирокчилар томонидан хусусийлаштириш соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва эришилаётган натижалар мамлакат капитал бозорини жадал ривожлантириш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.

1335 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech