Ру Ўз O'z En

Жамоатчилик кенгаши низоми

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда Давактив агентлиги деб юритилади) ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг (кейинги ўринларда жамоатчилик кенгаши деб юритилади) асосий вазифалари, функциялари, ваколатларини ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
  2. Жамоатчилик кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади.

Ахборот хизмати бўлими Жамоатчилик кенгашининг ишчи органи ҳисобланади.

  1. Жамоатчилик кенгаши Давактив агентлигининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари, ҳудудий органлари ва идоравий мансуб тузилмаларига татбиқ этилади.
  2. Жамоатчилик кенгаши Давактив агентлиги директорининг буйруғи билан ташкил этилади.
  3. Жамоатчилик кенгашининг қарорлари тавсиявий хусусиятга эга.
  4. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва Қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек Давактив агентлигининг ҳужжатларига амал қилади.
  5. Жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги низом ва унга киритиладиган ўзгартиришлар ҳамда қўшимчалар Давактив агентлиги директорининг буйруғи билан тасдиқланади.

2-боб. Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

  1. Қуйидагилар жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

    қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек, давлат, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида жамоатчилик манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонун ҳужжатлари талаблари ижросини таъминлаш, Давактив агентлиги зиммасига юкланган ҳамда ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахл қилувчи вазифалар
ва функцияларни бажариш, давлат хизматларини кўрсатиш, ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқариш бўйича Давактив агентлиги ва унинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
     биргаликда мулоқот қилиш, Давактив агентлигининг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун Давактив агентлигини фуқаролар билан боғлаб турадиган «кўприк» ролини бажариш;

    фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан Давактив агентлигининг фаолияти ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимни мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, социологик сўровлар ўтказиш, жумладан уларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш;

    Давактив агентлиги фаолиятида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар устидан мониторинг таҳлил ўтказиш, шунингдек, уларнинг натижалари бўйича таклифлар тайёрлаш;

    Давактив агентлиги фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни мониторинг қилиш, унинг фаолияти тўғрисида батафсил ахборот олиш имкониятларини таҳлил қилиш, уларни янада кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

    Давактив агентлиги фаолиятини ислоҳ қилиш ва фуқаролар иштирок этиши учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш ва уларни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

    Давактив агентлиги фаолияти бўйича фуқаролар ўртасида ўтказиладиган тушунтириш ишлари ва маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

    Давактив агентлигининг марказий аппарати таркибий бўлинмалари, ҳудудий органлари ва идоравий мансуб тузилмалари ходимлари ва улар оилаларининг уй-жой, ижтимоий-маиший, хизмат шарт-шароитларини, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш шароитларини, шунингдек, ишдан бўшатилган ёки захирага олинган ходимларни ижтимоий ва касбий мослаштириш бўйича муаммоларни комплекс таҳлил қилиш ҳамда таҳлил якунлари бўйича мазкур шароитларни яхшилаш юзасидан таклифлар киритиш.

  1. Жамоатчилик кенгаши ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

    Давактив агентлигининг фаолиятига доир масалалар юзасидан фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ташаббуслари ҳамда мурожаатларини кўриб чиқишда иштирок этади, шунингдек, уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича Давактив агентлигига тегишли таклифлар киритади;

    Давактив агентлигининг фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари
ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини таҳлил қилади, шунингдек, ҳамкорликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

    Давактив агентлиги фаолиятига тааллуқли унинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва қарорларини такомиллаштириш, улардаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, шунингдек, киритилган таклифларни Давактив агентлиги ходимлари ўртасида муҳокама қилишга бағишланган тадбирларни ташкил этишда қатнашади;

    давлат дастурлари лойиҳаларини, тадбирлар режаларини ва Давактив агентлиги фаолиятига тааллуқли, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар тайёрлайди, қабул қилинган дастурларни амалга оширишда ваколатлари доирасида иштирок этади, бажарилган ишларнинг самарадорлигини таҳлил қилади, шунингдек, йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

    Давактив агентлиги раҳбарлари ва ходимларининг фуқаролар билан учрашувларини, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ишларни ташкил этишда, шу жумладан жойларга бориб ташкил этишда қатнашади, уларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг ўтказади;

    Давактив агентлиги ходимлари ва улар оилаларининг уй-жой, ижтимоий-маиший, хизмат шарт-шароитларини, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш шароитларини яхшилашда, шунингдек, ишдан бўшатилган ёки захирага олинган ходимларни ижтимоий ва касбий мослаштириш муаммоларини ҳал этишда кўмаклашади;

    ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалалари бўйича Давактив агентлиги ходимлари ўртасида кенг тушунтириш ишларини ташкил этади;

    Давактив агентлиги марказий аппарати таркибий бўлинмалари, ҳудудий органлари ва идоравий мансуб тузилмаларида соғлом ишчанлик муҳитини ривожлантириш, қонунийликни юксак ҳуқуқий маданият ва аҳлоқийликни таъминлаш, ходимларга ватанга содиқлик рухини ва қонунларга бўлган ҳурматни кучайтириш, уларни ижтимоий, сиёсий, рухий ва маънавий-маърифий камол топтириш, шунингдек, мазкур соҳадаги илмий-маърифий ва ўқув адабиётларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

    мамлакатда ва хорижда кенг жамоатчиликни Давактив агентлиги фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳақида мунтазам равишда хабардор қилишни таъминлайди ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

    Давактив агентлиги фаолиятига бағишланган илмий-назарий ва илмий-амалий конференциялар, семинарлар, давра суҳбатларини ташкил этишда иштирок этади;

    Давактив агентлиги фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича бажарилаётган ишларнинг натижаларини таҳлил қилади, уларнинг самарадорлигини ошириш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

    ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлик қилади;

  1. Жамоатчилик кенгаши зиммасига юклатилган вазифалар
    ва функцияларни бажариш учун:

    Давактив агентлиги томонидан ташкил этиладиган бўлажак очиқ ҳайъат мажлислари ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисидаги ахборотни олдиндан олиш ҳамда мазкур тадбирларда иштирок этиш;

    Давактив агентлиги марказий аппарати таркибий бўлинмалари ҳудудий органлари ва идоравий мансуб тузилмаларининг бинолари (хоналари) ва бошқа объектларини белгиланган тартибда бориб кўриш;

    Давактив агентлиги марказий аппарати таркибий бўлинмалари ҳудудий органлари ва идоравий мансуб тузилмалари раҳбарларига жамоатчилик кенгаши ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклифларни киритиш;

    Давактив агентлиги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун зарур бўлган Давактив агентлигининг ахборотлари, статистика ва бошқа материалларни белгиланган тартибда олиш;

    Давактив агентлигининг қонун ижодкорлиги фаолиятида, Давактив агентлиги томонидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик ва экспертлар муҳокамасини таъминлашда иштирок этиш;

    жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларига Давактив агентлиги томонидан берилган жавобларнинг сифатини танлаб олган ҳолда таҳлил қилиш;

    Давактив агентлиги ходимларининг розилиги билан уларнинг уй-жой,
ижтимоий-маиший ва хизмат шарт-шароитлари билан танишиш;

    жамоатчилик кенгаши мажлисларида муҳокама қилинадиган масалаларни ёритиш бўйича оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;

    юклатилган вазифаларни бажариш учун конференциялар, форумлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ҳуқуқига эга.

    Жамоатчилик кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

  1. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини амалга оширишда:

    жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиши;

    Давактив агентлиги фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларга амал қилиши;

    Давактив агентлиги ва унинг мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслиги;

    Давактив агентлиги ва унинг мансабдор шахслари фаолият кўрсатиши учун тўсқинлик қилмаслиги;

    фуқароларнинг ор-номуси ва қадр-қимматини таҳқирлашга, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишига йўл қўймаслиги;

    Давактив агентлиги фаолиятига тегишли хабарлар, материаллар, ҳужжатлар
ва хизмат ахборотларини Давактив агентлигининг белгиланган ички қоидаларга риоя этган ҳолда бегона шахсларга тарқатишга йўл қўймаслиги;

    Давактив агентлиги фаолияти бўйича ўзларига маълум бўлган ахборотнинг сақланишини ва махфийлигини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўришлари шарт, уларнинг ошкор этилганлиги учун улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар;

    жамоатчилик назоратини амалга ошириш давомида олинган ахборотнинг, агар бундай ахборотни тарқатиш қонун билан чекланган бўлса, махфийлигига риоя қилиши шарт.

    Жамоатчилик кенгашининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

3-боб. Жамоатчилик кенгашининг таркибини шакллантириш ва ишини ташкил этиш тартиби

  1. Жамоатчилик кенгашининг таркибига унинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари киради.
  2. Жамоатчилик кенгаши аъзолигига, қоида тариқасида, Давактив агентлигида намунали хизмат кўрсатган меҳнат фахрийлари, жамоатчилик фаолияти соҳаларида катта амалий тажрибага эга обрў-эътиборли фуқаролар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари қабул қилинади.
  3. Жамоатчилик кенгашининг таркиби Давактив агентлиги директорининг буйруғи билан ҳар 3 йилда тасдиқланади.
  4. Қуйидаги ҳолатларда жамоатчилик кенгашининг раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари унинг таркибидан чиқарилиши мумкин:

    улар томонидан жамоатчилик кенгаши таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берилганда;

    жамоатчилик кенгашиниг мажлисларида мунтазам равишда иштирок этмаганда, мазкур Низомнинг 11-бандида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганда;

    уларга нисбатан чиқарилган суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

    вафот этганда, шунингдек суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида улар момалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилганда.

  1. Жамоатчилик кенгашининг таркиби тўғрисидаги маълумотлар ва унга киритилган ўзгартиришлар улар тасдиқланган пайтдан бошлаб 5 кун ичида Давактив агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
  2. Жамоатчилик кенгашининг раиси:

    жамоатчилик кенгашининг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

    жамоатчилик кенгашининг мажлисларини чақиради ва кун тартибини белгилайди;

    жамоатчилик кенгашининг мажлисларида раислик қилади;

    жамоатчилик кенгашининг иш режасини, мажлис баённомасини ва бошқа ҳужжатларини тасдиқлайди;

    жамоатчилик кенгаши қарорлариниг ижросини назорат қилади;

    жамоатчилик кенгаши аъзоларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажарилишини мувофиқлаштиради;

    Давактив агентлигининг расмий веб-сайтида ва бошқа ресурсларда жойлаштириладиган жамоатчилик кенгашининг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар таркиби бўйича таклифлар киритади ва Давактив агентлиги директори билан келишади;

    жамоатчилик кенгаши қарорларини бажариш масалалари юзасидан Давактив агентлиги директори билан ҳамкорлик қилади;

    жамоатчилик кенгашининг самарали ишини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

  1. Жамоатчилик кенгашининг раиси бўлмаган тақдирда, унинг ваколатлари ва мажбуриятларини раис ўринбосари бажаради.
  2. Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари:

    раис йўқлигида жамоатчилик кенгашининг мажлисларида раислик қилади;

    жамоатчилик кенгаши қарорларининг ижросини назорат қилиш бўйича ишларни ташкил этади;

    фуқароларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, шунингдек, жамоатчилик кенгаши фаолиятига тааллуқли мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича ишларни ташкил этади;

    жамоатчилик кенгашининг самарали ишларини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

  1. Жамоатчилик кенгашининг котиби:

    жамоатчилик кенгашининг фаолиятини услубий, ташкилий-ҳуқуқий
ва ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;

    жамоатчилик кенгашининг навбатдаги мажлисига барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, Давактив агентлиги ходимларидан зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олади;

    кун тартибига мувофиқ жамоатчилик кенгаши мажлислари ўтказилишини ташкил этади;

    жамоатчилик кенгаши ўтказиладиган сана, жой ва таклиф этиладиган шахслар рўйхатини жамоатчилик кенгашининг раиси билан келишади;

    жамоатчилик кенгашининг аъзоларини ва таклиф этиладиган шахсларни жамоатчилик кенгаши мажлиси ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида хабардор қилади;

    жамоатчилик кенгаши қарорларининг ижро этилиши устидан мониторинг олиб боради ва унинг натижаларини жамоатчилик кенгаши мажлисида кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритади;

    жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомасини расмийлаштиради
ва тасдиқланган баённоманинг жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда бошқа манфаатдор шахсларга жўнатилишини таъминлайди;

    жамоатчилик кенгашининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

  1. Жамоатчилик кенгашининг аъзолари ўз мажлисларида кўриб чиқилган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқаларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.

    Жамоатчилик кенгашининг мажлисида иштирок этиш имкони бўлмаган ҳолатларда, унинг аъзоси мажлис кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикрини ёзма шаклда юбориши мумкин. Бунда унинг фикри мажлисда кўриб чиқилади ва овоз беришда ҳисобга олинади.

    Жамоатчилик кенгашининг аъзолари:

    ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун Давактив агентлиги томонидан ташкил этиладиган ҳайъат мажлисларида ва бошқа оммавий тадбирларда иштирок этади;

    жамоатчилик кенгаши иш режаларининг лойиҳаларини тайёрлайди, уларни жамоатчилик кенгашида кўриб чиқиш учун киритади ва тасдиқланган иш режалари бажарилишини таъминлайди;

    Давактив агентлиги фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда қатнашади;

    Давактив агентлиги ходимлари, уларнинг оила аъзолари билан учрашувлар ўтказади ва уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича таклифларни жамоатчилик кенгашига киритади;

    жамоатчилик кенгашининг кун тартибига киритилган масалалар юзасидан таҳлилий материаллар тайёрлайди;

    жамоатчилик кенгашининг ваколатига кирадиган масалалар билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқади ва натижалари бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлайди;

    жамоатчилик кенгашининг зиммасига юкланган вазифалар
ва функцияларга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

  1. Жамоатчилик кенгаши фаолиятининг асосий масалалари унинг мажлисида кўриб чиқилади. Жамоатчилик кенгашининг мажлиси унинг иш режалари асосида ҳар чоракда камида бир марта чақирилади.

    Жамоатчилик кенгаши раиси жамоатчилик кенгаши аъзоларининг учдан бир қисмини ёзма мурожаати асосида унинг навбатдан ташқари мажлисини чақириши мумкин.

  1. Жамоатчилик кенгашининг мажлисларига бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари таклиф этилиши мумкин.
  2. Жамоатчилик кенгаши мажлиси кун тартибининг лойиҳаси котиб томонидан жамоатчилик кенгаши аъзоларининг таклифлари ва жамоатчилик кенгаши раисининг топшириғи асосида шакллантирилади.
  3. Жамоатчилик кенгашининг мажлисини унинг раиси олиб боради. Раис иштирок эта олмаган ҳолатларда, мажлисни унинг ўринбосари олиб боради.

    Жамоатчилик кенгашининг мажлисида Давактив агентлиги директори, унинг ўринбосарлари ва бошқа ходимлар иштирок этиши мумкин.

  1. Жамоатчилик кенгашининг мажлиси, агар унда жамоатчилик кенгаши аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

    Мажлисни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, жамоатчилик кенгашининг янги мажлиси ўтказиладиган сана эълон қилинади.

  1. Жамоатчилик кенгашининг қарори мажлисда иштирок этаётган жамоатчилик кенгаши аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
  2. Жамоатчилик кенгашининг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўзининг фикрини ёзма шаклда ифодалашга ҳақли. Унинг фикри жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомасига мажбурий тартибда қўшиб қўйилади.
  3. Жамоатчилик кенгашининг мажлисида қабул қилинган қарор баённома билан расмийлаштирилади. Жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомаси котиб томонидан имзоланади, мажлисга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади ва уч кун муддатда Давактив агентлигига, жамоатчилик кенгаши аъзоларига ва манфаатдор шахсларга юборилади.
  4. Жамоатчилик кенгашининг қарорини тезлик билан қабул қилиш зарурияти туғилганда, унинг раиси ташаббуси билан қарор жамоатчилик кенгашининг аъзолари билан келишилган ҳолда сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин.

    Давактив агентлиги жамоатчилик кенгашининг қабул қилган қарорига қўшилмаган ҳолларда, жамоатчилик кенгашининг қарорини олган кундан бошлаб ўн кундан кечикмай унга асослантирилган эътирозини ёзма шаклда юборади.

  1. Жамоатчилик кенгашининг котиби кенгаш аъзолари кўмагида жамоатчилик кенгаши қарорлари ижросининг боришини ўрганади ва кўриб чиқади, зарур бўлган ҳолларда, жамоатчилик кенгашининг раисига тегишли таклифлар киритади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

  1. Жамоатчилик кенгашининг фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Давактив агентлиги томонидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
  2. Жамоатчилик кенгашининг фаолияти унинг низомига ва Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ эканлиги Давактив агентлиги директори томонидан назорат қилинади.
  3. Жамоатчилик кенгашининг ва Давактив агентлиги директорининг жамоатчилик кенгаши фаолияти билан боғлиқ қарорлари устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
3974 Чоп этиш