Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

27 Декабрь 2023

Ҳудудларда ёшлар етакчилари ва ҳоким ёрдамчилари учун тарғибот семинарлари ташкил этилди

“E-auksion” электрон савдо платформасини аҳоли, айниқса тадбиркорлар ўртасида оммалаштириш, платформа имкониятлари, бунда савдода турган мулк ва мулкий ҳуқуқлар тўғрисида маълумот бериш бугунги кунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу вазифани бажариш мақсадида “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш” АЖ (кейинги ўринларда - Жамият) томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида тарғибот-семинар машғулотлари ўтказиб келинмоқда.

Мазкур тарғибот ишлари Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Дастлаб Жамият ва ҳамкор ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланиб, бунда тарғибот ишларини олиб боришда ҳар томонлама кўмак кўрсатишга келишиб олинди.

Ҳамкорлик доирасида жорий йилнинг ноябрь ойида барча ҳудудларда ўтказилган тарғибот семинарларида маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритувчи 9 мингдан ортиқ ёшлар етакчилари иштироки таъминланди. Семинарларда давлат мулки объектларини тадбиркорларга, хусусан, ёшларга ижара ҳуқуқи асосида бериш орқали ёшлар саноат зоналарини ташкил қилиш, деҳқон хўжалигини юритиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ижарага берилаётган ер участкалари, “Ёшлар дафтари” ва хориждан қайтган меҳнат мигрантлари рўйхатига киритилган ёшларга аукцион савдоларида берилган имтиёзлар ва бошқа имкониятлар бўйича маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг билим ва кўникмалари оширилди.

Шунингдек, жорий йилнинг октябрь ойида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорлик доирасида ҳудудларнинг туман ва шаҳарларида фаолият олиб бораётган 9 444 нафар ҳоким ёрдамчилари учун Жамият мутахассислари томонидан ўқув семинарлари ташкил этилди. Бунда “E-auksion” электрон савдо платформасида савдода турган давлат активлари, ижарага бериладиган давлат кўчмас мулк объектлари, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик мақсадлари учун ер участкалари, қишлоқ хўжалиги ва деҳқончилик учун ер участкаларини олиш тартиби, электрон рақамли имзо калитларини расмийлаштириш тартиблари тўғрисида маълумот берилди.

Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчилари учун 10 минг тиражда платформадан фойдаланиш бўйича қўлланмалар чоп этилиб, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги орқали ҳудудларга тарқатилган бўлса, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги орқали ёшлар етакчиларига қўлланмалар электрон шаклда етказилди.

1803 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech