Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

16 Август 2023

Қорақалпоғистон Республикасида навбатдаги «Roadshow» тақдимоти ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги "Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-102-сонли қарорига мувофиқ, 1001 та корхонадаги давлат акция пакетлари ва 1046 та кўчмас мулк объектлари оммавий савдоларга чиқарилиши, шунингдек, 40 та йирик корхона ва банклардаги давлат улуши барча фуқаролар ва инвесторларга қатнашиш имконияти тақдим этиш мақсадида "битта акция-битта лот" тамойили асосида "Халқ IPО" орқали таклиф этилиши белгиланган.

Ҳудудларда мазкур қарор мазмун-моҳиятини тушинтириш ва тарғибот қилиш ишларини жадаллаштириш мақсадида, жорий йилнинг 16 август куни Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикасида хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида навбатдаги "Roadshow" тақдимоти ўтказилди.

Ушбу тадбирда 200 нафардан зиёд маҳаллий ҳокимликлар ҳамда вилоятдаги йирик корхоналарнинг вакиллари, тадбиркорлар ва инвесторлар иштирок этди.

"Roadshow" тақдимоти Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари Бекзод Усмонов, Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Махсуд Раджабов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Расул Зарикеев  бошчилигида бўлиб ўтди.

“Roadshow” иштирокчиларига Давактив агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси томонидан 2022 йил хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ жами 126 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилганлиги, шундан 31 та давлат активлари 10,1 млрд.сўм қийматга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганлиги маълум қилинди. Бундан ташқари, 2022 йил давомида тадбиркорлар ва фуқаролар учун 3 099 та 251,5 гектар ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 1311 та 121,9 гектар ер участкалари 22,9 млрд.сўмга сотилишига эришилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-102-сонли қарорига мувофиқ, оммавий савдоларда сотилиши белгиланган Қорақалпоғистон Республикасидаги жами 114 та давлат ва давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларининг активлари, шундан 49 та кўчмас мулк объектлари яқиндан таништирилди.

Бундан ташқари, қатнашчиларга аввалдан доимий фойдаланиш ёки умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ўзларига тегишли бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжаллланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби бўйича тушунтиришлар берилди.

Ўз ўрнида, Давактив агентлиги мутасаддилари томонидан қатнашчиларга «E-auksion» электрон савдо платформасидан фойдаланиш бўйича "мастер-класс" ўтказилиб, савдо платформасида шахсий кабинет очиш, онлайн электрон имзо олиш ва савдоларда қатнашиш учун аризалар бериш тартиблари ҳам назарий, ҳам амалий тушунтирилди.

Кўтаринки руҳда ва савол-жавобларга бой ўтган "Roadshow" давомида Давактив агентлиги директори ўринбосари Бекзод Усмонов ва вилоятнинг бошқа мутасадди раҳбарлари қатнашчилари ва ОАВ вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга жавоблар бериб ўтдилар.

Шу билан бирга, куннинг иккинчи ярмида ОАВ вакиллари учун Пресс-тур ҳам ташкил этилиб, давлат активларини сотиб олган тадбиркорлар томонидан ушбу объектлар негизида бажарилган ишлар, шунингдек сотувга чиқарилган давлат активлари жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

 Мазкур тадбир кейинги ўринларда Қорақалпоғистон Республикасининг барча туман ва шаҳарларида давом этади.

Шунингдек, шу каби тадбирлар бугунги кунга қадар Фарғона, Андижон, Наманган, Навоий, Қашқадарё, Бухоро, Хоразм, Сурхондарё, Жиззах, Сирдарё, Самарқанд вилоятларида ўтказилди ҳамда яқин кунларда республикамизнинг қолган барча вилоятларида ўтказилиши режалаштирилган.

1323 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech