Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

31 Август 2021

“Кафолат суғурта компанияси” АЖнинг “UzAssets” АЖга тегишли акциялар пакетини сотиш жараёни бошланганлиги тўғрисида эълон

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида”ги ПФ–6167-сон Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги “UzAssets investisiya kompaniyasi” АЖ (кейинги ўринларда – UzAssets ёки Сотувчи) “Кафолат суғурта компанияси” АЖ (кейинги ўринларда – Компания ёки Кафолат) устав капиталидаги 69,55 фоиз акциялар пакетларини рақобатга асосланган сотув жараёни орқали сотиш режасини эълон қилади (кейинги ўринларда – Битим). Мазкур Битим доирасида, маслаҳатчи сифатида Grant Thornton компанияси (кейинги ўринларда – Маслаҳатчи) танлаб олинган.

Компания тўғрисида қисқача маълумот:

Кафолат 1997 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан берилган лицензия асосида 120 дан ортиқ махсус суғурта маҳсулотларини ққамраб олган 17 та суғурта синфлари бўйича хизмат кўрсатади. Компания капитал ҳажми бўйича Ўзбекистон бозорида Топ-10 суғурта ташкилотлари рўйхатига киритилган ва 2020 йил охирида умумий обуна мукофотларининг 6% улушига эга.

Компания 15 та филиал, 60 та офис ва 156 та суғурта марказларидаги 600 дан ортиқ ходимлар ва 3400 та суғурта агентлари орқали бутун мамлакат бўйлаб қайта суғурталаш ва ҳаётни суғурталаш хизматларини кўрсатиш бўйича ҳам мижозларга хизмат кўрсатади.

Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги 2020 йилда компаниянинг молиявий барқарорлиги рейтингини “ВВ-” даражасида тасдиқлади, бу Компаниянинг суғурта бозорида тўлов қобилияти ва ишончли ишбилармонлик обрўсидан далолат беради. Компаниянинг хизматлари портфелининг диверсификациясини ва рақобатбардош жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда, Fitch унинг ривожланиш истиқболларини “қулай” деб баҳолайди. “SAIPRO” ахборот -рейтинг агентлиги компаниянинг юқори молиявий ишончлилигини тавсифловчи миллий миқёсдаги “UZ A++” рейтингини берган.

Компания “Abu Dhabi National Insurance Company”, “Oman Insurance Company”, “Insurance House”, “Polish REDirect Insurance”, “London Market Plc”, “ВСК” АЖ (Россия), “Нефтяная страховая компания” АЖ (Қозоғистон), “Barents Reinsurance SAAce Insurance Pvt. Ltd.” каби хорижий қайта суғурталаш компаниялари билан қайта суғурта қилиш бўйича ҳамкорлик шартномаларига эга. Компания “International Underwriting Association of London”нинг Ўзбекистондаги ягона уюшма аъзоси ҳисобланади.

Қуйидаги ҳавола орқали Компания тўғрисида қўшимча маълумот олиш мумкин: https://www.kafolat.uz

Битимни амалга ошириш жараёни

Сотиш жараёни барча манфаатдор томонлар (кейинги ўринларда – Иштирокчилар) учун очиқ бўлган рақобат асосида ташкил этилган. Жараён икки босқичдан иборат.

Компанияни сотиб олишга қизиқиш билдирган Талабгорлардан ўз мурожаатларини, қизиқиш истаги тўғрисидаги маълумот (кейинги ўринларда – Ариза) ва ушбу эълоннинг иловасида маълумотлар билан бирга тақдим этишлари сўралади. Мурожаатлар 2021 йил 30 сентябрь куни Тошкент вақти билан соат 18:00дан кечиктирмасдан қуйидаги электрон манзилларга юборилиши лозим: obidjan.azimbaev@uz.gt.comnematulla.karimov@uz.gt.com ва j.usmonov@uz-assets.uz .

Маслаҳатчи, Талабгорлар Аризаларида кўрсатилган маълумотларнинг тўлиқлигини Эълонда белгиланган талабларга мувофиқлиги билан солиштиради. Маслаҳатчи ва Сотувчи, ўз хоҳишига кўра, тақдим этилган Ариза ёки унинг иловаларига аниқлик киритадиган қўшимча маълумотларни талаб қилиши мумкин.

Келиб тушган Аризаларга асосланиб, Сотувчи 5 октябргача Маслаҳатчининг тавсияси  асосида Битимнинг кейинги босқичига рухсат этилган Иштирокчилар рўйхатини(Short-List) аниқлайди. Рухсат этилган талабгорларга танлов натижалари тўғрисида шахсан хабар берилади. Ушбу рўйхат аниқланган кунга қадар, Сотувчи ҳар қандай Аризаларни ўз хоҳишига кўра қабул қилиш ва кўриб чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Битимнинг кейинги босқичига ўтказилган иштирокчилардан, Талабгорнинг аризасида кўрсатилган электрон почта манзилига юборилган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда-“NDA”) имзоланиши сўралади.

Ушбу босқичга ўтказилган ва NDAни имзолаган иштирокчилар виртуал маълумотлар хонасига (кейинги ўринларда – Виртуал хона) кириш, Компания объектларига ташриф буюриш, шунингдек Компания менежментига саволлар бериш имкониятига эга бўладилар. Иштирокчилар NDA имзоланган кундан бошлаб 20 кун ичида, мажбурий таклифларини (кейинги ўринларда - "МТ"), шунингдек зарурат бўлганда, Сотувчининг талабига биноан бошқа талабларга риоя этилиши тўғрисида ёзма тасдиқни тақдим этишлари керак бўлади.

Мажбурий таклифларни олгандан сўнг, Сотувчи икки ҳафта ичида, Маслаҳатчи билан биргаликда, Битимнинг қийматини максимал даражада ошириш учун, бир ёки бир нечта иштирокчи билан, уларнинг таклифларининг ўзига хос жиҳатларини муҳокама қилиш учун қўшимча индивидуал музокаралар ўтказиш тўғрисида қарор қилади. Музокаралар муддат бўйича чекланмайди.

Музокаралар давомида нарх таклифи ва олди-сотди шартномасининг келишилган шартларининг энг яхши комбинациясини таклиф қилган иштирокчи ғолиб деб эълон қилинади. Сотувчи ғолибни Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, шу жумладан қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги ҳужжатларга мувофиқ Битим тузишга таклиф қилади.

Эълонга илова

Битимда қатнашиш учун Талабгор томонидан Ариза ҳамда унга тасдиқловчи ҳужжатлари илова қилинган ҳолда, қуйидаги ахборот тақдим этилади:

  • битимни, шунингдек Компаниянинг операцион фаолиятини ўз ва/ёки қарз маблағлари ҳисобидан молиялаштириш имконияти мавжудлиги тўғрисида;
  • сохта тадбиркорлар ва банкротларнинг халқаро рўйхатларида, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг шунга ўхшаш рўйхатларида харидор мансабдор шахсларининг исмлари бўлмаслиги, таъсисчилар ва бенефициарларга нисбатан жиноят иши ва тергов ўтказилмаганлиги тўғрисида;
  • “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига риоя қилиши тўғрисида;
  • харидорнинг Компаниянинг АКТ инфратузилмасини яхшилашга тайёрлиги ва имконияти мавжудлиги тўғрисида.

Дисклеймер

UzAssets сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган UzAssets, Компания ва Grant Thorntonнинг Компанияни сотиш билан боғлиқ бирор бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. UzAssets ва Grant Thornton ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай ҳолатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:

(i) аризалар бериш муддатига ўзгартириш киритиш;

(ii) турли хил манфаатдор шахслар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки UzAssets, Компания ва Grant Thornton томонидан кўзда тутилган режа жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;

(iii) ҳар қандай сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш; ва/ёки

(iv) исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Битимга тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади;

(v) жараён ҳақида қўшимча маълумот ёки тушунтиришлар олиш учун obidjan.azimbaev@uz.gt.comnematulla.karimov@uz.gt.com ва j.usmonov@uz-assets.uz электрон почта манзилларига мурожаат қилиш мумкин.

2715 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech