Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

05 Декабрь 2022

Қорақалпоғистон Республикасида "Roadshow" тақдимоти ўтказилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан жорий йил 3 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикасидаги хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида навбатдаги Roadshow (тақдимот) ўтказилди.

Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг биносида бўлиб ўтган мазкур тадбирда маҳаллий ҳокимликлар ҳамда вилоятдаги йирик корхоналарнинг вакиллари ва 100 дан ортиқ тадбиркорлар иштирок этди. Ўз ўрнида, Давактив агентлиги мутасаддилари томонидан қатнашчиларга E-auksion электрон савдо платформасидан фойдаланиш бўйича мастер-класс ўтказилиб, савдо платформасида шахсий кабинет очиш, онлайн электрон имзо олиш ва савдоларда қатнашиш учун аризалар бериш тартиблари ҳам назарий ҳам амалий тушунтирилди.

“Roadshow” тақдимоти доирасида тадбиркорлар оммавий савдоларга чиқарилган 102 та давлат ва давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари активлари ва 2115 та ер участкалари ҳамда ижарага берилиши кўзда тутилган 524 та давлат мулклари билан танишдилар.

Бундан ташқари, аввалдан доимий фойдаланиш ёки умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ўзларига тегишли бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириб олган 2 нафар фуқароларга тантанали равишда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерлари топширилди ҳамда мазкур жараён тартиби бўйича тадбир қатнашчиларига тушунтиришлар берилди.

Кўтаринки руҳда ва савол-жавобларга бой ўтган Roadshow давомида Давактив агентлиги директор ўринбосари Қахрамон Ҳакимов, ҳудудий бошқарма бошлиғи Махсуд Раджапов ва вилоятнинг бошқа мутасадди раҳбарлари тадбир қатнашчилари ва ОАВ вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга батафсил жавоблар бериб ўтдилар.

Шунингдек, куннинг иккинчи яримида ОАВ вакиллари билан биргаликда Нукус шаҳри ва Тахиатош туманларида жойлашган оммавий савдоларга чиқарилган давлат мулки объектларига “Пресс-тур” ташкил этилди ҳамда масъул ходимлар томонидан объектлар ҳақида ОАВ вакилларига маълумотлар тақдим этилди.

Маълумот учун: Бу каби тақдимотлар ва учрашувлар (Roadshow) бугунги кунга қадар Андижон, Бухоро, Фарғона, Жиззах, Хоразм, Наманган, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида ўтказилди. Келгусида республикамизнинг қолган вилоятларида ва Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган. 

1563 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech