Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

22 Сентябрь 2023

Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Буюк Турон кўчаси, 41-42-уйларда жойлашган бино-иншоотлари савдо жараёни юзасидан қўшимча ахборот

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, жорий йилнинг 20 сентябрь куни Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давактив агентлиги)нинг расмий веб-сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Буюк Турон кўчаси, 41 ва 42-уй манзилида жойлашган мулкий мажмуалар (кейинги ўринда – объект)ни сотиб олишга талабгорлардан энг мақбул таклифларни қабул қилиш жараёни тўғрисида эълон берилган.

Маданий мерос агентлиги томонидан бугун – жорий йил 22 сентябрь санаси билан рўйхатга олинган (Агентлик томонидан 21 сентябрь куни деб баёнот берилган) объектни аукцион савдоларидан олинишида ва ушбу объект билан боғлиқ тегишли норматив-ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишида амалий ёрдам бериш тўғрисидаги расмий мурожаати (Агентлик томонидан огоҳлантириш берилди деб баёнот берилган) Давактив агентлигига бугун – жорий йил 22 сентябрь куни келиб тушди ва зудлик билан иш юритувига олинди.

Маданий мерос агентлигининг бугунги мурожаатида Буюк Турон кўчаси, 41-уй манзилида жойлашган бинолар Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари рўйхатига киритилганлигини маълум қилинган.

Таъкидлаш жоизки, 2023 йил июндаги кадастр ҳужжатларига кўра Объектнинг умумий ҳудуди 28 888 кв. метрни, бўш ер майдони 15 211 кв. метрни, бино ва иншоотларнинг ҳажми 42 048 кв. метрни, шундан 25 024 кв. метрни ишлаб чиқариш ва ёрдамчи бинолар ташкил этади ва 3 та алоҳида маъмурий бинолар мавжуд.

Ушбудан келиб чиқиб, Давактив агентлиги ва Маданий мерос агентлиги раҳбарлари ўртасида ўтказилган мулоқотда объект ҳудудида жойлашган бино-иншоот ёки ер майдонининг қайси қисми (бири) маданий мерос объекти ҳисобланишига аниқлик киритиш бўйича биргаликда иш ташкил этиш келишиб олинди ва бу тўғрисида Давактив агентлигининг мурожаати юборилди.

Шунингдек, “Шарқ” нашриёт-матбаа АЖ кам қувватда ишламоқда (50  фоиз), бизнес-режа кўрсаткичлари бажарилмай келмоқда, жорий йил ярим йиллик якуни бўйича соф тушуми ўтган йилга нисбатан пасайган, соф фойдаси эса атиги 13,8 млн сўмни ташкил этиб, 80 фоизга камайган.

Жамиятнинг мавжуд бино-иншоотлари ва ҳудудидан самарали фойдаланилмасада, катта миқдорда мол-мулк ва ер солиғи тўлаб келмоқда. Жумладан, 2022 йил ва 2023 йилнинг ўтган даврида жамият томонидан 3,3 млрд. сўм миқдорида мол-мулк ва ер солиғи тўланган.

Буюк Турон кўчаси, 41-уйда жойлашган “Шарқ” нашриёт-матбаа АЖнинг бино-иншоотлари ва ишлаб чиқариш ускуналари эса маънан эскирган ва таъмирталаб, аксарияти эса яроқсиз аҳволга келиб қолган, шунинг учун ҳам уни ихчам ва замонавий бинога кўчирилиши жамият билан келишилган ҳолда амалга оширилмоқда.


Шу билан бирга, Буюк Турон кўчаси, 42-уйда жойлашган Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (УзА)нинг маъмурий биноси маданий мерос объекти рўйхатига киритилмаган, аммо ушбу бино Тошкент шаҳрининг тарихий архитектурасини, шу жумладан, муҳим “модернизм” ёдгорлиги қиёфасини акс эттиришини инобатга олиб, уни сақлаб қолиш мақсадида савдонинг асосий шарти этиб маъмурий бинонинг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш белгиланган.

Шу ўринда, “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддасига мувофиқ хусусийлаштирилмайдиган давлат мулкига эгалик қилишга ва (ёки) ундан фойдаланишга ижара шартномасига ёки давлат мулкини ишончли бошқариш шартномасига, давлат мулкидан текин фойдаланиш шартномасига, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга, шу жумладан концессия шартномасига асосан йўл қўйилиши белгиланган.

Юқорида таъкидланганларни инобатга олган ҳолда, Давактив агентлиги томонидан Маданий мерос агентлиги билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатган ҳолда маданий мерос объектига аниқлик киритилади ва мулкий мажмуани амалдаги қонунчиликка қатъий амал қилган ҳолда шаффоф хусусийлаштириш жараёнини таъминлайди, жараённинг ҳар бир босқичи тўғрисида оммани хабардор қилиб боради.

 

Давлат активлари бошқариш агентлиги
Матбуот хизмати

 

1543 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech