Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

13 Июнь 2022

“Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Қонуни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан маъқулланди

Бугун Олий Мажлис Сенатининг йигирма еттинчи ялпи мажлиси кун тартибида “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Қонуни муҳокама қилинди ва натижаси бўйича ушбу қонун маъқулланди.

Қонуннинг мақсади давлат мулкини бошқариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, унда:

1) давлат мулкини бошқаришнинг принциплари белгиланмоқда. Бунда муҳим принциплардан бири сифатида давлат корхоналарига ва нодавлат юридик шахсларга хўжалик фаолиятини юритиши учун тенг шарт-шароитлар яратиш ҳамда давлат корхоналарига қўшимча имтиёзлар ва преференциялар берилмаслиги белгилаб ўтилмоқда;

2) давлат мулкига эгалик қилишнинг мезонлари белгиланмоқда;

Давлатда фақатгина стратегик манфаат ва аҳоли хавфсизлиги объектлари, табиий монополия, хусусий сектор учун норентабел соҳалар, хусусийлаштирилмайдиган объектлар сақлаб қолинади.

3) давлат мулклари республика мулки ва муниципал мулк турларига ажратилмоқда;

4) давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш механизмини жорий этиш назарда тутилмоқда;

Баҳолаш натижаларига кўра, балансда сақловчилар томонидан ортиқча, фойдаланилмаган ёки мақсадга мувофиқ фойдаланилмаган мулк улардан қайтиб олиниб, самарали фойдаланиш чоралари кўрилади.

5) давлат мулкини бошқариш субъектлари, яъни Вазирлар Маҳкамаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Молия вазирлиги, давлат органлари ва ҳокимликлар ва уларнинг ваколатлари белгиланмоқда;

6) давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувни жорий этишнинг асосий йўналишлари белгиланмоқда;

Давлат иштирокидаги корхоналар раҳбарларига уларнинг фаолияти самарадорлигига қараб, кузатув кенгашининг эса корхоналардаги корпоратив бошқарув тизими натижаларига қараб баҳо берилади, кузатув кенгаши томонидан раҳбарнинг ҳисоботлари, жумладан харидлар тўғрисидаги ҳисоботлари ҳар чоракда камида бир марта кўриб чиқилади.

7) давлат иштирокидаги хўжалик жамиятлари – Давлат активларини бошқариш агентлиги, давлат улуши мавжуд тижорат банклари ва стратегик корхоналар – Молия вазирлиги, муниципал аҳамиятдаги хўжалик жамиятлари – ҳокимликлар томонидан бошқариш назарда тутилмоқда;

8) давлат унитар корхоналари ва давлат муассасаларини ташкил этиш, уларнинг фаолият юритиши ва қайта ташкил этишнинг асосий қоидалари белгиланмоқда;

Бунда давлат унитар корхоналар ва давлат мулкини сақлаш мезонларига мос келмайдиган давлат муассасалари хўжалик жамиятларига (АЖ, МЧЖ) айлантирилади.

9) давлат мулкини бошқаришда ҳисобдорлик, шаффофлик ва маълумотларни ошкор қилиш талаблари белгиланмоқда.

Ушбу Қонун қабул қилиниши давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришга, давлат мулкини бошқариш соҳасини янада такомиллаштиришга ҳамда бу соҳада давлат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулиятини ва ваколатларини аниқ белгилаш, давлат мулкини бошқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Маълумот учун: "Давлат мулкини бошқариш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси томонидан жорий йил 15 мартда қабул қилинган.

2859 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech