Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

20 Январь 2022

Ҳамжиҳатлик – муваффақиятлар омили

Оҳангарон шаҳрида жойлашган “Оҳангароншифер” АЖ қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи йирик саноат корхоналаридан бири ҳисобланади.

Инвестиция киритиш ва юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш шарти билан жамият ижроия органи ваколатлари акциядорларнинг 2018 йил 22 августдаги умумий йиғилиши қарори билан “Mega golden house” МЧЖга ишончли бошқарувга берилган. Бироқ мазкур ишончли бошқарув даврида жамиятнинг маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш ҳажми муттасил пасайиб, ўз фаолиятини 2018 йилда 0,8 млрд ва 2019 йилда 1,9 млрд сўм зарар билан якунлаган.

Натижада, иш ҳақи ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ жорий харажатлар ишончли бошқарувчи томонидан қопланиб, жамият олдида 8,4 млрд.сўм кредитор қарздорлик вужудга келган.

Шундан сўнг Оҳанганрон туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 6 июлдаги қарори билан жамият банкрот деб топилди ва фаолияти тўхтатилмаган ҳолда тугатишга доир иш юритиш бошланди.

Таъкидлаш жоизки, Давлат активларини бошқариш агентлиги мана шу сингари банкрот деб топилган корхоналарни иқтисодий жиҳатдан соғломлаштириш жараёнига алоҳида эътибор бериб келмоқда.

Хусусан, жамиятнинг тўлов қобилиятини тиклаш имконияти мавжудлиги муносабати билан ҳамда 400 нафарга яқин ишчи ходимларнинг иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида Давактив агентлигининг ташаббуси билан корхонага нисбатан ташқи бошқарувни жорий этиш орқали уни банкротликдан чиқариш бўйича тегишли ишлар амалга оширилган.  

Жумладан, Ўртачирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 23 ноябрдаги ажрими билан “Оҳангароншифер” АЖга нисбатан қўлланилган тугатишга доир иш юритиш жараёни ниҳоясига етиб, жамиятга 12 ой муддатга ташқи бошқарув тайинланган.

Жорий йилнинг 18 январь куни Давлат активларини бошқариш агентлигининг директор ўринбосарлари ҳамда раҳбар ходимлари томонидан “Оҳангароншифер” АЖ ишчи ходимлари билан олиб борилган мулоқотда жамиятнинг 300 нафарга яқин ишчи ходимлари ташқи бошқарув даврида корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти яхшилангани, иш ҳақлари ўз вақтида берилиб, миқдорини ошириш режалаштирилаётганини айтиб ўтдилар.

Давлат активларини бошқариш агентлиги келгусида ҳам корхоналарни молиявий соғломлаштириш, иш ўринлари сонини кўпайтириш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириб боради ва уларни тўлақонли фаолият юритишлари учун ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

1944 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech