Давактив агентлигининг “Хива Плаза” МЧЖ ва “Хива Локоматив” МЧЖларни (кейинги ўринларда - Активлар) хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компаниясини (кейинги ўринларда – Консультант) жалб этиш юзасидан танлов эълонига мувофиқ, қуйидагилар маълум қилинади.
Мазкур танлов жараёнида 5 та маҳаллий ва халқаро профессионал консалтинг компанияларидан таклифлар қабул қилиниб, уларнинг молиявий таклифи, соҳадаги тажрибаси, малакаси ва белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ёндашувлари асосида сараланди.
Саралаш натижасида, фаолият соҳасида амалга оширган лойиҳалари, лойиҳа доирасида жалб қилинадиган профессионал жамоасининг малакаси ҳамда энг мақбул нарх таклифини билдирган “RSM Uzbekistan” компанияси Активларнинг устав капиталидаги улушларини хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида танланди.
Консультант қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
- Ўзбекистонда ва минтақада соҳани ривожлантиришдаги шароитларни меҳмонхона ва уни бошқариш бизнесидаги бозорни таҳлил қилиш;
- Активларнинг ҳар томонлама (солиқ, ҳуқуқий, молиявий ва экологик) чуқур таҳлилини ўтказиш (due diligence);
- оптимал маркетинг стратегияси бўйича тавсиялар, маркетинг материалларини тайёрлаш (тизер, инфо-меморандум, жараён ҳолати бўйича хат ва бошқалар) ва инвесторлар ўртасида ахборот материалларини тарқатиш;
- Активларни хусусийлаштиришга қаратилган барча чораларни кўриш, жумладан, виртуал маълумотлар хонаси (VDR)ни ташкил этиш, олди-сотди шартнома лойиҳасини (ўзбек тилига таржимаси билан, керак бўлса рус ва инглиз тилларида ҳам) тайёрлаш билан бирга сотиш жараёнида ҳамроҳлик қилиш.
Давактив агентлиги RSM Uzbekistan билан биргаликда жараённи очиқ, шаффоф ва рақобат тамойилларига асосланган савдо механизмларига мувофиқ ташкил этишнинг барча чораларини кўради ҳамда жараённинг ҳар бир босқичи тўғрисида оммага ахборот бериб борилишини таъминлайди.