Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

01 Декабрь 2023

Айрим ижтимой тармоқлардаги саҳифаларда “Humo” тўлов тизимини Давактив агентлигига ўтказилиши юзасидан билдирилган фикрларига расмий муносабат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев бошчиликларида иқтисодиётнинг барча тармоқларида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва бу борада ягона давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган бир қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йил 9 мартдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонуннинг 22-моддасига кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат мулкини бошқариш соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланиши ва ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга ошириши белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, юқоридаги Қонуннинг 5-моддасига асосан давлат мулкини бошқаришнинг асосий принципларидан бири сифатида давлат мулкига эгалик қилишнинг асосланганлиги ҳамда мулкдор ва тартибга солувчи вазифаларининг ажратилиши белгиланган.

Бунда, Қонуннинг 12-моддаси талабларига кўра, давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан бир вақтнинг ўзида ҳам мулкдорнинг, ҳам тартибга солувчининг вазифаларини бажаришга йўл қўйилмаслиги, ушбу ҳолат мулкдорнинг вазифаларини давлат органидан Давактив агентлигига ўтказиш ёки мазкур корхонани тугатиш ёхуд тартибга солувчининг вазифаларини ушбу давлат органидан бошқа давлат органига ўтказиш йўли билан бартараф этилиши кўрсатилган.

Ҳозирда, мазкур Қонун ижросини таъминлаш доирасида бошқа вазирлик ва идоралар томонидан бошқарилаётган хўжалик жамиятларнинг давлат улушларини ваколатли орган сифатида Давактив агентлигига ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Ўз навбатида, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунининг 12-моддасига асосан Марказий банк банкларнинг, тўлов ташкилотларининг, тўлов тизимлари операторларининг фаолиятини лицензиялаши ҳамда тўлов ташкилотларининг, тўлов тизимлари операторларининг фаолиятини тартибга солиши ҳамда ушбу фаолият устидан назоратни амалга ошириши кўрсатиб ўтилган.

Юқоридагиларга кўра ҳамда Қонуннинг 12-моддаси талаблари ижросини таъминлаш мақсадида Марказий банкнинг “Миллий банклараро процессинг маркази” МЧЖ (“Humo” тўлов тизими) устав капиталидаги давлат улуши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 30 ноябрдаги ПҚ-381-сон қарори билан Давактив агентлигига ўтказилиши белгиланган.

1403 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech