Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

23 Ноябрь 2021

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалда

Жорий йилнинг 2-ноябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 млн. туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгиланган эди. Бундай кенг кўламли ташаббуснинг амалга оширилиши натижасида шаҳарларимиздаги яшил майдонлар ҳудуди ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга оширилади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳам ушбу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Давактив агентлиги марказий аппарати ходимлари томонидан Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани “Янги Ўзбекистон” массивидаги қарийб 4 гектар майдонда 2 200 туп мевали ва манзарали дарахтлар экилди.

Халқимизнинг қадимий анъаналари ва урф-одатларига биноан, дарахт экиш жараёни нуронийларнинг дуолари билан бошланди, яхши ниятларнинг ижобати, хайр-барака сўралди. 

Дарахтлар ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, боғлар ҳосил қилиш ва кўкаламзорлаштиришни назарда тутган ҳолда танлаб олинди. Энди улар агротехник талаблар асосида парвариш қилинади, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилиб, зараркунандалардан ҳимоя қилиб борилади.   

“Долзарб 40 кунлик” доирасида Ясень – 350 та, Пенсильвания ясени – 350 та,  Садақайрағоч – 250 та, Заранг (клён) – 250 та, Катальпа – 350 та, Гледичия – 350 та;

Мевали дарахтлардан ўрик, беҳи, олча кўчатлари (ҳар бири 100 тупдан) ўтқазилиб, парвариши назоратга олинди.

Айтиш лозимки, “Янги Ўзбекистон” массивида экилган манзарали кўчатлар Сирдарё вилояти Ўрмон хўжалиги бошқармаси томонидан маҳаллий шароитларда, уруғдан экиб кўкартирилган. Демак, улар ҳудуднинг об-ҳавосига, шўрхок тупроғига мослашган.

Тошкент Ботаника боғи мутахассисларининг таъкидлашича, мазкур кўчат навлари қурғоқчиликка чидамли бўлиб, 90 фоизгача натижа кўрсатади.

Бундан ташқари, ҳар бир экилган дарахт тагига гидрогель қўйилди. (Гидрогель – гранула шаклидаги махсус модда бўлиб, намликни ўзига тортади ва сақлаб туради. Кўчат эса шу намликдан сув ичади. Гидрогель экологик тоза ва хавфсиз маҳсулот бўлиб, ўз вазифасини бажаргандан сўнг тўлиқ парчаланиб кетади ва атроф-муҳитга зарар етказмайди).

Давактив агентлиги томонидан ташкил этилган кўчат ўтқазиш жараёнида Ўзбекистон Экологик партияси раиси Нарзулло Обломуродов ҳам иштирок этди ва хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшди.

16339 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech