Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

30 Сентябрь 2021

“Пойтахт банк” АЖни хусусийлаштириш юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлиги ва “Экспобанк” АЖ ўртасида келишув Меморандуми имзоланди

Бугун “Ўзбекистон: Иқтисодий ислоҳатлар сарҳисоби ва истиқболи” мавзусидаги Ўзбекистон иқтисодий форуми доирасида Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиков ва “Экспобанк” АЖ (Россия Федерацияси) бошқарув раиси ўринбосари Алексей Федоткин ўртасида “Пойтахт банк” АЖнинг 100 фоиз давлат акция пакетларини хусусийлаштириш юзасидан келишув Меморандуми имзоланди.

Мазкур Меморандум томонлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва ишонч тамойилларига мувофиқ тузилган бўлиб, унинг доирасида “Пойтахт банк” АЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акция пакетлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 майдаги “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги ПФ - 5992-сон Фармонига асосан хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчи жалб қилинган ҳолда ва энг яхши халқаро тажрибадан келиб чиқиб шаффоф тарзда сотилиши;

“Экспобанк” АЖ (Россия Федерацияси) потенциал харидор сифатида халқаро банк гуруҳини ифодаловчи, жадал ривожланаётган хусусий банк сифатида “Пойтахт банк” АЖнинг давлат акция пакетларини сотиб олишга, уни ҳар томонлама ривожлантириш ва ушбу учун зарур бўлган миқдорда сармоя киритишга тайёрлигини билдириши;

сотувчи ва потенциал харидор ўртасида битимнинг асосий шартлари бўйича қисқа муддатларда келишувга эришилиши режалаштирилган.

Мазкур Меморандум доирасида маслаҳатлашиш, ҳамкорлик қилиш ва маълумот алмашиш тўғрисида ҳам келишиб олинди.

“Пойтахт банк” АЖ давлат акция пакетларини хусусийлаштириш жараёни давлат улушини сотиш бўйича консультант сифатида жалб қилинган “Deloitte” компанияси иштирокида давом эттирилади.

 
Давлат активларини бошқариш агентлиги
Ахборот хизмати

1876 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech