Бугун, 21 май куни Давактив агентлигида Давлат тендер комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Комиссия аъзолари ва давлат активларини сотиб олиш бўйича таклифлар тақдим этган тадбиркорлар иштирок этди.
Йиғилиш пандемия талабларидан келиб чиққан ҳолда, кела олмаган талабгорлар учун видеоконференц алоқа воситаси орқали ҳам олиб борилди.
Қайд этилганидек, оммавий савдоларга чиқарилган йирик активларнинг 6 таси бўйича жами 16 та таклиф келиб тушган. Жумладан, “Малика” савдо мажмуаси, “Ичан қалъа” меҳмонхонаси ва “Қизил сув спорт соғломлаштириш” МЧЖ бўйича 2 та, “Пойтахт бизнес мажмуаси” МЧЖ мулкий мажмуаси ҳамда “Марказий бино ҳудуди” (ДХХнинг собиқ биноси) бўйича 3 та, Газеталар ишлаб чиқариш мажмуаси биноси бўйича 4 та талабгордан сотиб олиш бўйича таклифлар келиб тушган.
Шундан сўнг, талабгорлар тақдим этган ёпиқ конвертлар Давлат тендер комиссияси аъзолари, талабгорлар ва ОАВ вакиллари иштирокида очилди.
Энди Ишчи орган томонидан 5 иш куни мобайнида талабгорлардан келиб тушган таклифларнинг давлат активлари бўйича савдо шартларига мослиги, ундан келгусида фойдаланиш йўналишларига қўйилган талабга таклиф этилган бизнес концепция лойиҳасининг мақбул ёки мақбул эмаслиги ўрганилади.
Ишчи орган ўз ҳисоботини тайёрлаб, Давлат тендер комиссиясига кўриб чиқиш учун тақдим этади ва иккинчи босқичга ўтган ёки ўтмагани тўғрисида маълумотлар эълон қилинади. Ҳар бир талабгорга индивидуал хабарлар юборилади.
Давлат тендер комиссиясининг биринчи босқич якунлари бўйича қарори Давактив агентлигининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлари орқали эълон қилинади.
Ахборот ва PR хизмати