Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

20 Ноябрь 2021

“Электрқишлоққурилиш” АЖнинг акциялар пакетини сотиш жараёни бошланганлиги тўғрисида эълон

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида”ги ПФ–6167-сон Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги “UzAssets investitsiya kompaniyasi” АЖ (кейинги ўринларда – UzAssets ёки Сотувчи) "Электрқишлоққурилиш" АЖ(кейинги ўринларда – Компания ёки ЭҚҚ) устав капиталидаги 58,41 фоиз акциялар пакетларини рақобатга асосланган жараён орқали сотиш режасини эълон қилади (кейинги ўринларда – Битим). Мазкур Битим доирасида маслаҳатчи сифатида Grant Thornton компанияси (кейинги ўринларда – Маслаҳатчи) танлаб олинган.

Компания тўғрисида қисқача маълумот

Корхона дастлаб Республика қишлоқ хўжалигини электрлаштиришга ихтисослаштирилган трест – “Узсельэлектрострой” сифатида 1936-йилда ташкил топган. 1-сонли “Узсельэлектрострой” трести 1998-йил 7-июлда “Электрқишлоққурилиш” АЖ сифатида (ЭҚҚ) қайта ташкил этилди.

Айни пайтда ЭҚҚ Марказий Осиё минтақасида 0,4 кВ дан 500 кВ гача кучланишли электр тармоқлари объектларини қуриш бўйича бош пудратчи ҳисобланади ва ушбу соҳада Ўзбекистонда катта бошқарув ва техник кўникмаларга эга.

Корхонага тегишли 6 та механизациялашган колонна таркибида 200 дан ортиқ қурилиш техникаси ва механизмлари мавжуд. Улардан бир вақтнинг ўзида Республика бўйлаб ва хорижда амалга оширилаётган йирик лойиҳаларда фойдаланиш мумкин. ЭҚҚ ишлаб чиқариш базаси металл ва темир-бетон конструкцияларга (таянчларга) бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қондирадиган заводларга эга.

ЭҚҚ бизнес тузилмаси қуйидаги компанияларни ўз ичига олади:

  • Наманган металл қурилмалари заводи (йилига 4000 тоннагача);
  • Қувасой темир-бетон заводи (йилига 38,2 минг м3 гача);
  • Тошкент шаҳар ишлаб чиқариш ва технологик асбоб-ускуналар бошқармаси (бетон буюмлар ишлаб чиқариш йилига 7,2 минг м3);
  • “TAIZ – UNIVERSAL SERVIS” МЧЖ линияли муфталар ва аппаратлар ишлаб чиқариш;
  • “МЕХКОЛОННА-15 ЭЛЕКТРҚИШЛОҚҚУРИЛИШ АЖ” МЧЖ
  • 6 та механизациялашган колонна.

Бажариладиган ишлар ҳажмини, жумладан, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида (Афғонистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон) ошириш учун салмоқли салоҳият мавжуд.

Компания “Лукойл”, “Эриелл”, “Hundai Engineering” ва “Hengyuan Group Co.,Ltd” каби йирик ишлаб чиқариш компаниялари учун электр монтаж ишларини бажарган.

Битимни амалга ошириш жараёни

Сотиш жараёни барча манфаатдор томонлар (кейинги ўринларда – Иштирокчилар) учун очиқ бўлган рақобат асосида ташкил этилган. Жараён икки босқичдан иборат.

Компанияни сотиб олишга қизиқиш билдирган Талабгорлардан ўз мурожаатларини, қизиқиш истаги тўғрисидаги маълумот (кейинги ўринларда – Ариза) ва ушбу эълоннинг иловасида маълумотлар билан бирга тақдим этишлари сўралади. Мурожаатлар 2021 йил 20 декабрь куни Тошкент вақти билан соат 20:00 гачан қуйидаги электрон манзилларга юборилиши лозим: obidjan.azimbaev@uz.gt.com, nematulla.karimov@uz.gt.com ва sh.saidniyozov@uz-assets.uz.

Маслаҳатчи, Талабгорлар Аризаларида кўрсатилган маълумотларнинг тўлиқлигини Эълонда белгиланган талабларга мувофиқлиги билан солиштиради. Маслаҳатчи ва Сотувчи, ўз хоҳишига кўра, тақдим этилган Ариза ёки унинг иловаларига аниқлик киритадиган қўшимча маълумотларни талаб қилиши мумкин.

Келиб тушган Аризаларга асосланиб, Сотувчи Маслаҳатчининг тавсияси асосида Битимнинг кейинги босқичига рухсат этилган Иштирокчилар рўйхатини (Short-List) аниқлайди. Рухсат этилган талабгорларга танлов натижалари тўғрисида шахсан хабар берилади. Ушбу рўйхат аниқланган кунга қадар, Сотувчи ҳар қандай Аризаларни ўз хоҳишига кўра қабул қилиш ва кўриб чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Битимнинг кейинги босқичига ўтказилган иштирокчилардан, Талабгорнинг аризасида кўрсатилган электрон почта манзилига юборилган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда-“NDA”) имзоланиши сўралади.

Ушбу босқичга ўтказилган ва NDAни имзолаган иштирокчилар виртуал маълумотлар хонасига (кейинги ўринларда – Виртуал хона) кириш, Компания объектларига ташриф буюриш, шунингдек Компания раҳбариятига саволлар бериш имкониятига эга бўладилар. Ушбу босқич якунларига кўра, Иштирокчилар мажбурий таклифларини (кейинги ўринларда – “МТ”) ҳамда зарурат бўлганда, Сотувчининг талабига биноан бошқа талабларга риоя этилиши тўғрисида ёзма тасдиқни, шунингдек музокаралар босқичида ҳам муҳокама қилиниши мумкин бўлган Олди-сотди шартномаси лойиҳаси бўйича шарҳларини тақдим этишлари керак бўлади.

Мажбурий таклифларни олгандан сўнг, Сотувчи икки ҳафта ичида, Маслаҳатчи билан биргаликда, Битимнинг қийматини максимал даражада ошириш учун, бир ёки бир нечта иштирокчи билан, уларнинг таклифларининг ўзига хос жиҳатларини муҳокама қилиш учун қўшимча индивидуал музокаралар ўтказиш тўғрисида қарор қилади. Музокаралар муддат бўйича чекланмайди.

Музокаралар давомида нарх таклифи ва олди-сотди шартномасининг келишилган шартларининг энг яхши комбинациясини таклиф қилган иштирокчи ғолиб деб эълон қилинади. Сотувчи ғолибни Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, шу жумладан қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги ҳужжатларга мувофиқ Битим тузишга таклиф қилади.

Эълонга илова

Битимда қатнашиш учун Талабгор томонидан Ариза топширишда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • Иштирок этиш учун ариза (илова қилинган 1-шакл намунасига мувофиқ),
  • Барқарор молиявий аҳвол тўғрисидаги кафолат хати (2-шакл намунасига қаранг),
  • Ариза берувчи ҳақида умумий маълумот (3-шаклни кўринг),
  • Компаниянинг асосий фаолият турини ривожлантириш ва ишлаб чиқариш қувватларини янгилаш, ходимларнинг техник малакасини ва компания фаолиятинипг рақобатбардошлигини ошириш режаси.

шунингдек, аризага қуйидаги тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:

- Битимни, шунингдек Компаниянинг операцион фаолиятини ўз ва/ёки қарз маблағлари ҳисобидан молиялаштириш имконияти мавжудлиги тўғрисида;

- сохта тадбиркорлар ва банкротларнинг халқаро рўйхатларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг шунга ўхшаш рўйхатларида харидор мансабдор шахсларининг исмлари бўлмаслиги, таъсисчилар ва бенефициарларга нисбатан жиноят иши ва тергов ўтказилмаганлиги тўғрисида;

- “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига риоя қилиши тўғрисида.

Дисклеймер

UzAssets сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон-бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган UzAssets, Компания ва Grant Thorntonнинг Компанияни сотиш билан боғлиқ бирор-бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. UzAssets ва Grant Thornton ўз хоҳишига кўра, ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай ҳолатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:

(i) аризалар бериш муддатига ўзгартириш киритиш;

(ii) турли хил манфаатдор шахслар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки UzAssets, Компания ва Grant Thornton томонидан кўзда тутилган режа жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;

(iii) ҳар қандай сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш; ва/ёки

(iv) исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Битимга тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади;

(v) жараён ҳақида қўшимча маълумот ёки тушунтиришлар олиш учун obidjan.azimbaev@uz.gt.com, nematulla.karimov@uz.gt.com ва sh.saidniyozov@uz-assets.uz электрон почта манзилларига мурожаат қилиш мумкин.

3381 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech