Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

11 Август 2022

"Dori-Darmon" АЖни хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компаниясини жалб қилиш тўғрисида эълон

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда - Давактив агентлиги/Буюртмачи) тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, “Dori-Darmon” AЖ устав капиталидаги 51 фоиз акциялар пакети  (кейинги ўринларда - Актив)ни хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компанияси (кейинги ўринларда - Консультант) танлаб олиниши юзасидан танлов эълон қилади.

Барча қизиқиш билдирган талабгорлардан Таклиф тақдим этиш учун сўровномага (RfP) асосан тижорат таклифларини жорий йил 27 август куни соат 18:00 (Тошкент вақти билан)га қадар тақдим этишларини сўраймиз.

Агар, биргаликда қўшма тижорат таклифи тақдим этилса, жалб қилинган шерик-консультантнинг ҳам ишини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ва жавобгарликни зиммасига оладиган асосий консультант кўрсатилиши лозим.

Барча манфаатдор томонлар қуйидаги ахборот каналлари орқали тижорат таклифларини тақдим этишлари сўралади (кодланган ҳолда):

Вохиджон Тожиев, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Йирик давлат активларини траснфармация қилиш ва хусусийлаштириш департаменти бошлиғи ўринбосари;

эл.почта: tender@davaktiv.uz;

тел.: + 998-71-259-20-91.

Консультантларнинг вакиллари билан Битим бўйича ишлар яқин ҳамкорликда, зарур ҳолларда эса Активда қўшимча лойиҳа гуруҳини тузиш орқали амалга оширилиши мумкинлиги маълум қилинади.

Дисклеймер:

Мазкур сўровнома тижорат таклифини тақдим этиш мажбурияти ҳисобланмайди ва Буюртмачига таклифни қабул қилиш ёки шартнома тузиш мажбуриятини юкламайди. Шунга кўра, таклифлар учун ушбу сўровномани эълон қилиш ва/ёки у билан боғлиқ аризаларни олиш, бир ёки бир нечта иштирокчилар билан музокаралар ва муҳокамалар орқали шартнома тузишни назарда тутмайди.

Ушбу ҳужжатда келтирилган материаллар ва маълумотлар лойиҳанинг фақат энг муҳим томонларининг дастлабки хулосаси ва Консультантдан хусусийлаштириш бўйича кутилиши мумкин бўлган ишлар ҳажми тўғрисида умумий маълумот сифатида хизмат қилишига мўлжалланган.

Буюртмачи сотиш жараёни бўйича, шу жумладан, уларнинг тавсиялари асосида қарор қабул қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

“Dori-Darmon” AЖни хусусийлаштириш бўйича консультантни жалб қилиш юзасидан таклиф тақдим этиш учун сўровнома (RfP)

Кириш

Тегишли хусусийлаштириш дастурига мувофиқ, “Dori-Darmon” AЖни устав капиталидаги 51 фоиз акциялар пакетини хусусийлаштириш белгиланган (кейинг ўринларда – Битим).

Сотиш жараёнлари фармацевтика бозорининг тармоқ ва индивидуал хусусиятларидан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари доирасида, энг мақбул хорижий тажриба асосида ташкил этилиши лозим. Қонун ҳужжатларига ҳамда Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС)га асосан тайёрланган молиявий ҳисоботига мувофиқ, Буюртмачи тўғри қарор қабул қилиши учун Активни мустақил баҳолаш ишларини амалга оширади.

Актив тўғрисида қисқача маълумот

Dori-Darmon” AЖ – Ўзбекистондаги жадал ривожланаётган фармацевтика бозоридаги етакчи улгуржи ва чакана савдо компанияси ҳисобланади. Жамиятнинг ҳудудий бўлинмалари мавжуд бўлиб, улар таркибига 7 та акциядорлик жамияти ва 14 та масъулияти чекланган жамият, жумладан, 17 та омборхона, 15 та таҳлил лабораторияси киради.

2021-йил якунига кўра, компания 402,1 млрд. сўм соф тушум ва 32,6 миллиард сўм соф фойда олган.

Компаниянинг Марказий офиси Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Янги Олмазор кўчаси, 1-A-уй манзилида жойлашган.

Консультантлардан кутилаётган таклифлар тузилмаси ва уларга қўйиладиган талаблар:

Фармацевтика соҳасида тегишли билим ва тажрибага эга маслаҳатчига устунлик берилади.

Консультантнинг таклифи (индивидуал ариза берувчи ёки консорциум) ўзбек ёки рус/инглиз тилларида тайёрланиши ҳамда қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:

а) Активни хусусийлаштириш жараёнини ташкиллаштириш бўйича консультантнинг келгусидаги ҳаракатлар кетма-кетлигини ва иш кўламини ўз ичига олган режаси. Консультантнинг тавсиялари ва таклифларига қисқа вақт ичида тегишли жавоб берилган тақдирда, хусусийлаштириш жараённинг давомийлиги бўйича хулосаси (10 баллгача);

б) Шу тоифадаги активлар доирасида тузилган битимлар юзасидан консультантларнинг иш тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, 2017 йил 1 январь кунидан бошлаб ҳозирги даврга қадар МДҲ минтақасидаги мандатлар тўғрисида маълумот (35 баллгача);

в) Лойиҳани амалга оширишдан келиб чиқиб, Битимни амалга ошириш юзасидан ишларни ташкил этиш бўйича таклиф. Таклиф этилган битимга жалб қилинган жамоа ҳақида маълумот, шахсларнинг (жисмоний ва юридик) исмлари ва улар ҳақидаги маълумотлар: иш тажрибаси, фаолият муддати, битимлар тузиш бўйича умумий тажриба ва уларни амалга ошириш бўйича малакаси. Жамоа аъзоларининг ўзбек тилини билиши инобатга олинади (15 баллгача);

г) Тижорат таклифи икки қисмдан иборат (40 баллгача):

Хизмат ҳақининг қатъий қисми ягона рақам шаклида бўлиши (ҚҚС ва бошқа харажатлар билан бирга) ва консультантнинг субъектив тахминларидан ҳоли бўлиши керак;

таклиф этилган ҳақ миқдори ишлаб чиқилган савдо стратегиясига боғлиқ ва Буюртмачи таклифнинг муваффақияти учун (“success fee”) мутаносиб ҳақ тўлашни таъминлайдиган таклифларга устунлик беради;

Агар хизмат ҳақи нархлар оралиғида берилган бўлса, унда таклифни баҳолаш учун унинг юқори чегараси қабул қилинади. Қўшимча жорий харажатлар (хизмат сафари, таржима ва бошқалар учун) белгиланган қатъий қисмига киритилиши керак;

д) Қўйилган вазифаларни бажариш учун етарли салоҳият ва ваколатга эгалиги, шунингдек, инсон, вақт ва моддий ресурсларнинг мавжудлиги тўғрисида ёзма ариза;

е) Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида маълумот. Маслаҳатчи ушбу савдога жалб қилинган тақдирда зиддиятлар олиб келиши мумкин бўлган ҳолларда потенциал битим бўйича салоҳиятга эга эканлигини кўрсатиш.

Хусусийлаштириш бўйича консультантдан кутилаётган ишлар ҳажми:

I. Фармацевтика бозорини таҳлил қилиш:

Ўзбекистонда ва минтақада соҳани ривожлантиришдаги шароитларни ва бозор таҳлили, соҳа корхоналарини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар;

бошқа (жумладан, қўшни) давлатларда мазкур соҳада амалга оширилган хусусийлаштириш тажрибаси таҳлили, ушбу турдаги активнинг хусусийлаштиришдаги муваффақиятсизликларининг асосий сабаблари, келгусида соҳани ривожлантириш ва муваффақиятли хусусийлаштиришни таъминловчи омиллар.

II. Актив таҳлили

Активнинг тавсифи, унинг бозор ва рақобатдаги ўрни;

хатарлар (риск)нинг таҳлили: инвестор таҳлилига мувофиқ активни хатарга қўядиган потенциал йўналиш ва эҳтимолларни аниқлаш ва бундай битимларнинг муваффақиятсизлигига сабаб бўладиган энг кенг тарқалган сабабларни ўрганиш. Аниқланган хатарларни камайтириш борасида чора-тадбирларни белгилаш тўғрисида тавсиялар бериш;

юридик экспертизадан ўтказиш, жумладан, қуйидаги масалаларда:

интеллектуал фаолиятнинг объектив ифодаланган натижаларига ва уларга тенглаштирилган индивидуаллаштириш воситаларига, шу жумладан товар белгисига, бозор брендларига ва интеллектуал мулкнинг бошқа жиҳатларига эгалик ҳуқуқини белгилаш;

тадбиркорлик фаолияти натижаси бўйича асосланган ҳуқуқий манбаларини ва мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа хўжалик фаолиятлари бўйича асосларни аниқлаш ва хулоса бериш;

шунингдек, мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш, мерос қилиб қолдириш, Актив фойдасига ёки учинчи шахс мулкига эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтириш муддати, учинчи шахслар фойдасига Активнинг мол-мулкига бўлган мулкий ҳуқуқлар бўйича белгиланган чекловлар;

юкланиш, шунингдек, қарзларни ундириш ва мажбурий ижро этиш бўйича кўрилган чоралар;

меҳнат ва антимонополия қонунларига, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги низомларга риоя қилиш ҳолати.

III. Активни сотишдан олдин тайёрлаш бўйича маслаҳатлар: 

Активнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, энг илғор амалиётлар ва ўхшаш (аналог) активларнинг таҳлили асосида тузилма ва бошқарувни такомиллаштириш бўйича таклифлар;

Активнинг ҳар томонлама (солиқ, ҳуқуқий, молиявий ва экологик) чуқур таҳлилини ўтказиш (due diligence);

оптимал маркетинг стратегияси бўйича тавсиялар, маркетинг материалларини тайёрлаш (тизер, инфо-меморандум, жараён ҳолати бўйича хат ва бошқалар) ва инвесторлар ўртасида ахборот материалларини тарқатиш;

жамоатчилик билан алоқалар ўрнатиш бўйича тавсиялар тақдимоти, уларнинг саволларига жавоблар;

баҳолаш услубини тўғри танлаш ва уларнинг инвесторлар учун долзарблигини белгилаш, нарх диапазони бўйича тавсияларни тақдим этиш;

инвестор нуқтаи назаридан баҳолашга таъсир этувчи асосий омиллар, асосий кўрсаткичлар ва тахминларни аниқлаш;

лойиҳа доирасида бошқа малакали консультантларни жалб этиш (зарур бўлган ҳолларда) ва уларнинг ишини мувофиқлаштириш.

IV. Битим жараёнига ҳамроҳлик қилиш:

Активни хусусийлаштиришга қаратилган барча чораларни кўриш, виртуал маълумотлар хонаси (VDR)ни ташкил этиш;

салоҳиятли талабгорлар билан алоқаларни мувофиқлаштириш, шу жумладан, уларнинг саволларига жавоблар бериш;

барча зарур ҳужжатларни, жумладан, олди-сотди шартнома лойиҳасини (ўзбек тилига таржимаси билан, керак бўлса рус ва инглиз тилларида ҳам) тайёрлаш билан бирга сотиш жараёнида ҳамроҳлик қилиш;

Битимни элон қилиш ва ёпишни ташкиллаштириш.

(1) Aгар ариза консорциум томонидан тақдим этилган тақдирда, консорциум бўйича келишувни тақдим этиш, шунингдек, мувофиқлаштирувчи асосий маслаҳатчини (одатда консорциум раҳбари деб аталади) кўрсатиш лозим. Ушбу ҳолатда, хизматларнинг умумий қиймати кўрсатилиши керак.

(2) Агар консультантларнинг таклифлари “а”, “б” ва “в” бандларида кўрсатилган талаблардан келиб чиқиб 30 баллдан кам баҳоланса,  “г” бандида назарда тутилган баҳолаш балли қўлланилмайди.

4308 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech