Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

20 Январь 2023

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш юзасидан Давактив агентлиги бошқармаси бошлиғи М.Убайдов иштирокидаги брифинг

Брифинг матни:

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш жараёнини соддалаштириш ҳамда жадаллаштириш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 ноябрдаги 685-сон қарори тасдиқланди.

Мазкур қарор билан фуқароларга ва юридик шахсларга доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш жараёнидаги тўлов суммаси пасайтирилди ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини ауксион савдоларига чиқаришнинг соддалаштирилган янги тартиби жорий қилинди. Хусусан:

  • Жисмоний ва юридик шахсларда доимий фойдаланишда (эгаликда) бўлган хусусийлаштирилаётган ер участкасини сотиб олиш қиймати барча ҳудудлар бўйича ер солиғининг базавий солиқ ставкаси 20 баравари миқдорида белгиланган эди, янги тартибга мувофиқ Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида ер солиғининг базавий солиқ ставкаси 10 бараварга, бошқа ҳудудларда 5 баравари миқдорига камайтирилди.
  • Энг асосийси ер участкаларини аукционга чиқариш 13 та босқичдан иборат бўлган, 48 иш кунидан (ижара ҳуқуқида) 74 иш кунигача (мулк ҳуқуқида) аукцион савдосига чиқариш учун вақт талаб этган. Эндиликда, ер участкаларини савдога чиқаришда келишув ва муҳокама жараёнларини бирлаштириш ҳисобига келишиш босқичлари 8 тага, аукционга чиқариш муддатлари эса ижара ҳуқуқида 16 иш кун муддатга ва мулк ҳуқуқида 22 иш кун муддатгача аукцион савдосига чиқарилиши белгиланган.
  • Савдо комплекси, логистика маркази ва хизмат кўрсатиш комплексини ташкил этиш, туризм ҳудуди сифатида белгиланган маҳаллаларни ривожлантириш, йўл бўйи инфратузилмаси объектларини ташкил этиш учун ер участкаларини тайёр мастер-режа ишлаб чиқилган ҳолда аукцион савдоларига чиқариш тартиби жорий қилинди. Бунда ер участкасини лойиҳа ташкилотларидан лойиҳалаштириш ишларини амалга оширмасдан тайёр бизнес-лойиҳада кўрсатилган тартибда қурилиш ишлари амалга оширилади.
  • Ер участкаларини ауксион орқали реализатсия қилишдан тушган маблағларнинг 50 фоиз миқдори ер участкаси жойлашган туман (шаҳар) бюджети ихтиёрида қолдирилиши белгиланди. Илгари маблағлар вилоят ихтиёрида қолар эди. Бу эса, ўз ўрнида, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини оширишига хизмат қилади.

Жисмоний ва юридик шахслар тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини аукцион савдоларида сотиб олишда бир қанча имкониятлар мавжуд:

Сотиб олиш қийматларини тўлаш бўйича:

  • Кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича ўтказилган электрон онлайн-аукцион ғолиблари лот қийматининг 30 фоизини аукцион якунланган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмай тўлаганда, қолган қисмини 12 ой давомида тенг миқдорда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади. (асос 09.12.2021й. ПФ-33)
  • Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари мулк ҳуқуқини электрон онлайн-аукционда сотиб олиш қийматини 3 йил муддатгача бўлиб-бўлиб тўлаш мумкин. (асос 08.04.2022й. ПФ-101)
  • Саноат зоналарида ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага беришда бошланғич нархи бўйича тўловларни 12 ой муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти мавжуд. (асос 13.06.2022й. ПФ-153)

Аукционга қатнашиш учун закалат пул миқдорини тўлаш учун ҳам имкониятлар мавжуд:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги ПФ-287-сон Фармони билан туман ва шаҳарлар 5 та тоифаларга ажратилди.

Шунга кўра, 4 ва 5 тоифадаги туман (шаҳар)да жойлашган ер участкаларини аукцион савдосида қатнашиш учун бошланғич закалат миқдорини 50 фоизини тўлаб, қатнашиш имконияти берилади.

Маълумот учун шуни айтиб ўтиш жоизки:

2022 йил давомида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган 90 мингта (5 743 гектар) бўш турган ер участкалари “Yerelektron” ААТга киритилиб, шундан 56 мингтаси (3 303 гектар) аукцион савдоларига чиқарилган. Шундан, 12 мингтаси (982 гектар), жумладан 3,4 мингтаси (75 гектар) мулк ҳуқуқида ва 8,8 мингтаси (921 гектар) ижара ҳуқуқида 989 млрд.сўмга сотилган ва натижада 559,9 млрд.сўмдан ортиқ тушум тушган, шундан 421,8 млд.сўми тегишли бюджетларга йўналтирилиши таъминланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларига тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматларига 30 мингдан ортиқ аризалар келиб тушган бўлиб, шундан 7 080 тасига ижобий хулосалар берилган, шундан, 2 005 таси тўлов қилиш жараёнида ҳамда 2 320 таси бўйича давлат ордерлари берилган.

Хусусийлаштириш соҳасида:

Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини соддалаштириш хусусийлаштириш жараёнларининг шаффофлигини ва “E-auksion” электрон савдо платформасининг оммабоплигини таъминлаш ҳамда унда иштирок этиш имкониятини яна-да ошириш мақсадида, “E-auksion” мобил иловаси 1 августдан бошлаб ишга туширилди, аҳоли ва тадбиркорлар учун App Store ва Play Market орқали юклаб олиш имконияти яратилди.

Тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш мақсадида ҳудудларда мунтазам равишда учрашув, мулоқот ва тақдимотлар (11 та вилоятда “Road Show” ўтказилди) ҳамда пресс турлар ўтказилмоқда, оммавий ахборот воситалари, жумладан телевидение, радио, газета ва журналлар, ижтимоий тармоқларда 1,5 мингдан зиёд реклама ва тарғибот ишлари амалга оширилди.

Тошкент шаҳри ва вилоят марказларининг марказий кўчаларида жойлашган 76 та, аҳоли гавжум ҳудудлардаги 150 га яқин LED экран ва катта йўллар ёқасида 100 та билборд, давлат хизматлари марказларидаги 817 та экранда доимий видеоролик ва реклама материаллари бериб борилмоқда.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги ПҚ‒168-сон қарорига мувофиқ:

  • халқаро нуфузга эга аудиторлик компанияларининг Ўзбекистонда фаолият юритаётган шўба корхоналарининг баҳолаш ҳисоботлари ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш талаб этилмаслиги;
  • давлат кўчмас мулк обектларини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган ва сотиб олиш тўловини тўлиқ амалга оширгунга қадар “тасарруф этиш ҳуқуқисиз” давлат ордери берилган тадбиркорлик субектлари томонидан қўшилган қиймат солиғи мазкур обектларга нисбатан тасарруф этиш ҳуқуқи тўлиқ ўтгандан сўнг тўланиши белгиланди.

Шунингдек, мазкур қарор билан ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомасига асосан, ҳудуди 2 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини Агентлик томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш имконияти яратилди.

Бунда, маҳалладаги ҳудуди 2 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомасига асосан сотишдан тушадиган маблағлар, баҳолаш ва сотиш харажатлари чегирилган ҳолда, тегишли маҳаллаларнинг Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаларига ўтказилиши белгилаб қўйилди.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 августдаги ПҚ‒420-сон қарорига асосан, бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўйича камида 35 фоиз миқдоридаги дастлабки тўловни бир йўла амалга оширган харидорларга мазкур давлат активлари ва ер участкаларини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш ҳуқуқи берилди.

1811 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech