Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

22 Сентябрь 2023

“Ўзтемирйўлконтейнер” АЖни устав капиталидаги 35 фоиз давлат улушининг хусусийлаштириш жараёни бошланганлиги тўғрисида эълон

Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – “Давактив агентлиги”) тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, “Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ устав капиталидаги 35 фоиз давлат улушини (кейинги ўринларда – Актив) хусусийлаштириш жараёнининг Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичи бошланганлигини эълон қилади (кейинги ўринларда – “Битим”).

"Alkes Research" компанияси (кейинги ўринларда – "Маслаҳатчи") ушбу Битим бўйича Давактив агентлигининг хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади.

Актив тўғрисида қисқача маълумот:

“Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ - “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ контейнер паркининг оператори бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб контейнер ташишни ташкил этиш бўйича тўлиқ хизматларни тақдим этади.

Устав фонди: 3,4 млрд.сўм;

Корхонанинг юридик манзили: Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Шевченко кўчаси, 7-уй.

Битимни амалга ошириш жараёни:

Сотиш жараёни барча манфаатдор томонлар учун очиқ бўлган рақобат тамойилларига асосланган хусусийлаштириш механизми орқали амалга оширилади.

Иштирокчилардан қуйидаги маълумотлар билан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризаларини (Express of interest) тақдим этишлари сўралади:

  1. Иштирокчи тўғрисида қисқача маълумот (шу жумладан, СТИР ва фаолият тури);
  2. Иштирокчи устав капиталида 5 фоиздан ортиқ улуши мавжуд акциядорлар/таъсисчилар (эгалик улуши кўрсатилган ҳолда) ва якуний бенефициарлар тўғрисида маълумотлар;
  3. Охирги 3 йилги фаолияти бўйича молиявий ҳисоботи (МҲХС афзалроқ).

Қизиқиш билдириш тўғрисидаги ариза Иштирокчининг хоҳишига кўра ўзбек, рус ёки инглиз тилларида тайёрланиши мумкин.

Талабгорлар қизиқиш билдириши тўғрисидаги аризаларини 2023 йил 23 октябрь соат 18:00га (Тошкент вақти билан) қадар қуйидаги электрон почта манзилларига юборишлари лозим: info@alkesresearch.com.

Қабул қилинган аризалар қуйидаги мезонлар бўйича сараланади:

  • давлат улушини сотиб олиш учун тўловга қобилиятлилиги;
  • хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини таъқиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
  • Ўзбекистон Республикасининг 660-II-сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига риоя этилиши;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаган бўлиши лозим. Шу билан бирга, ариза топширилган санада талабгорлар санкцияланган шахс/(лар) ёки юқорида айтиб ўтилган санкция органлари томонидан ҳар қандай иш ёки тергов объекти/(лар) бўлмаслиги керак. Шунингдек, талабгорлар (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири юқорида айтиб ўтилган муассасалар ва давлатларнинг санкциялар режимига зид бўлган ҳар қандай фаолиятга (тўғридан-тўғри ёки бирон бир шўба корхонаси орқали) жалб этилмаган бўлишлари лозим ва Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири), шунингдек унинг тегишли шахсларидан бирортасининг асосий молиялаштирувчи томонлари ёки кредиторлари санкциядаги шахслар ёки санкциядаги шахсларга тегишли бўлган ёки улар томонидан эгалик ва назорат қилинадиган банклар ёки молия институтлари бўлмаслиги лозим.

Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичидан мувофаққиятли ўтган талабгорлар хусусийлаштириш жараёнларининг кейинги босқичларида иштирок этиш учун таклиф қилинади ҳамда уларга ушбу босқич жараёнлари тўғрисидаги хат (Process Letter) юборилади.

Шу билан бирга, хусусийлаштириш жараёнларида келгусидаги ўз иштирокини тасдиқлаш учун, ушбу талабгорлар билан Ахборотларни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA)ни имзолаш таклиф этилади, сўнгра уларга маслаҳатчи томонидан тайёрланган Компанияни сотиб олиш нархи бўйича индикатив мажбуриятга эга бўлмаган таклифларни тайёрлаш учун зарур бўлган ахборотни ўз ичига олган дастлабки маълумотлар тўплами (Information Memorandum) билан танишиш имконияти берадиган виртуал маълумотлар хонаси (VDR) га кириш имконияти берилади.

Қўшимча маълумотлар учун юқорида келтирилган алоқа каналига мурожаат қилишингиз мумкин.

Дисклеймер

Давактив агентлиги сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон-бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган Давактив агентлиги, "Alkes Research" ва Компанияни сотиш билан боғлиқ бирор-бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. Давактив агентлиги ва "Alkes Research" ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай ҳолатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:

(i) аризалар бериш муддатига ўзгартириш киритиш;

(ii) турли хил манфаатдор шахслар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки Давактив агентлиги, Компания ва "Alkes Research" томонидан кўзда тутилган режа-жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;

(iii) ҳар қандай сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш;

(iv) исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Битимга тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади.

1581 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech