Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

26 Май 2025

Сирдарё вилоятида тадбиркорлар ва ишбилармонлар учун навбатдаги “Roadshow” тақдимоти ўтказилди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш ҳамда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш юзасидан кескин ислоҳотлар амалга оширилиб, бу борадаги ишлар янада жадаллаштирилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги «2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Унга кўра, 115 та корхонадаги давлат акция пакетлари, 659 та кўчмас мулк объектлари ҳамда 6100 гектар ер участкалари оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган.

Шу билан бирга, мазкур Фармон билан давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш мақсадида, 2030 йил 1 январга қадар давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишга мораторий жорий қилинди ҳамда бозорлар уставида маҳаллий давлат ҳокимликларнинг мажбурий иштирок этиши талаби бекор қилинди.

Ўз ўрнида, ҳудудларда мазкур Фармон мазмун-моҳиятини тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликка тушунтириш, унинг тарғибот ишларини жадаллаштириш мақсадида, жорий йилнинг 26 май куни Давлат активлари агентлиги томонидан Сирдарё вилоятида хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари, жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида навбатдаги «Roadshow» тақдимоти ўтказилди.

Ушбу тадбирда 250 нафардан зиёд тадбиркорлар ва инвесторлар, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда вилоятдаги йирик корхоналарнинг вакиллари иштирок этди.

Тақдимот Давлат активлари агентлиги директорининг ўринбосари Алишер Миралиев, Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари котибияти мудири Қувончбек Ҳамдамов, Агентликнинг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Комилжон Эрназаров ҳамда вилоят ҳудудий ташкилот раҳбарлари бошчилигида бўлиб ўтди.

Тадбирда давомида А.Миралиев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда хусусийлаштириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш юзасидан кескин ислоҳотлар амалга оширилиб, тадбиркорлар учун хусусийлаштириш ва давлат мулкини ижарага бериш йўналишларида бир қатор имтиёзлар ва қулайликлар яратилганлигини таъкидлаб ўтди. Хусусан:

  • Давлат активини сотиб олиш тўловлари 1 ой давомида тўланган тақдирда, харидорга харид суммасидан Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида чегирма қўлланилади;
  • давлат кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари учун сотиб олиш тўловларининг миқдорига қараб 3 йилгача бўлган муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти мавжуд.
  • меҳмонхона ва туризм хизматларини кўрсатиш бўйича давлат мулкини савдога чиқаришда харид тўловлари миқдоридан қатъи назар уларни 5 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади;
  • тиббиёт ва таълим ташкилотини ташкил этиш учун аукцион савдоларида сотилган давлат кўчмас мулк объектларининг сотиб олиш нархидан қатъи назар барча харидорларга харид тўловларини 5 йил муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади;
  • ижарага олувчи томонидан йиллик ижара тўловлари 1 ой давомида тўланган тақдирда, унга йиллик ижара суммасидан Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида чегирма берилади;
  • «E-auksion» орқали ижарага олинганига камида 5 йил бўлган давлат мулки объектини капитал таъмирлаш, модернизация қилиш, теварак-атрофини ободонлаштириш бўйича ишлар амалга оширилган ва ижара тўловлари ўз вақтида тўлаб келинган давлат мулки объектининг ижарага олинган қисми баҳоланган қийматда тўғридан тўғри сотиб олиш ҳуқуқи берилади;
  • майдони 10 минг м2 гача бўлган давлат мулки объектлари юқори технологияли маҳсулот яратадиган тадбиркорлик субъектларига 5 йил муддатга тўғридан тўғри текин фойдаланишга берилади. Шартнома шартлари бажарилган тақдирда, ушбу тадбиркорлик субъектларига баҳоланган қийматда тўғридан тўғри сотилади;
  • Барча турдаги ер участкаларининг қиймати 15 иш кунида тўлиқ тўланган тақдирда, жами суммага нисбатан 20 фоиз чегирма берилади (бошланғич нархи 50 фоиздан ортиққа пасайтирилган ҳолда реализация қилинган ер участкалари бундан мустасно).
  • Бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўйича камида 35 фоиз миқдоридаги дастлабки тўловни бирйўла амалга оширган харидорларга мазкур ер участкаларини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш ҳуқуқи берилади;
  • Аукцион савдоларига тадбиркорлик учун чиқарилган ер участкалари (вилоят марказлари бундан мустасно) 3 ой давомида сотилмаганда бошланғич қийматининг 30 фоизигача6 ой давомида сотилмаганда 10 фоизигача босқичма-босқич 10 фоиздан пасайтирилиши, сотиб олиш тўловларининг 15 фоизини 3 ой муддатда қолган қисмини 10 йилгача муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилди.

Шу билан бирга, «Roadshow» иштирокчиларига Давлат активлари агентлиги Сирадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2024 йил давомида 137 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилганлиги, савдода турган 85 та давлат активлари 184,5 млрд.сўм қийматга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганлиги маълум қилинди. Бундан ташқари, тадбиркорлар ва фуқаролар учун 1934 та 307,0 гектар ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 1006 та 203,9 гектар ер участкалари 30,8 млрд.сўмга сотилишига эришилган.

Ҳудудий бошқарма томонидан 2025 йилнинг ўтган даврида янги 17 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, савдода турган 46 та давлат активлари 76,7 млрд.сўм қийматга сотилиши таъминланган.

Ўз ўрнида, янги 2025 йилги хусусийлаштириш дастурига мувофиқ, Сирдарё вилоятида оммавий савдоларда сотилиши белгиланган жами 2 та давлат ва давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларининг улушлари, 17 та кўчмас мулк объектлари ҳамда 333,7 гектар ер майдонлари тадбиркорлар ва тадбир иштирокчиларига яқиндан таништирилди.

Шунингдек, тадбир давомида қатнашчиларга «E-auksion» электрон савдо платформасидан фойдаланиш, савдо платформасида шахсий кабинет очиш, онлайн электрон имзо олиш ва савдоларда қатнашиш учун аризалар бериш тартиблари ҳам назарий, ҳам амалий тушунтирилди.

Кўтаринки руҳда ва савол-жавобларга бой ўтган тадбир якунида қатнашчилар ва ОАВ вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга тегишли жавоблар бериб ўтилди.

Жумладан, Сардоба туманидан ташриф буюрган тадбиркор аукцион савдоларида қатнашиб давлат мулкини ижарага олиш режаси борлиги ҳамда мазкур аукционларда қатнашиши белгиланган иштирокчилар сони бўйича савол берди. Мазкур саволга, аукцион савдоларида энг ками икки иштирокчи қатнашиши лозимлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 апрелдаги ПФ-70-сон Фармонининг 6-иловасига асосан олти ой давомида электрон онлайн аукцион савдоларида ижарага берилмаган объектларнинг бошланғич нархи 50 фоиз пасайтирилганда ҳам ижарага берилмаса, ушбу аукцион унда бир иштирокчи қатнашган тақдирда ҳам, истисно тариқасида, ўтказилган деб ҳисобланиши тушунтирилди.

Шунингдек, Сирдарё туманида давлат мулкини ижарага олган тадбиркор мазкур мулкни тўғридан-тўғри хусусийлаштириш тартиби юзасидан савол берди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 апрелдаги ПФ-70-сон Фармонининг 6-иловасига мувофиқ, «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали ижара шартномалари бўйича ижарага олинганига камида беш йил бўлган давлат мулки объектини капитал таъмирлаш, модернизация қилиш, теварак-атрофини ободонлаштириш ҳамда бино ва иншоотларни турли даражада яхшилаш бўйича ишлар амалга оширган ва ижара тўловлари ўз вақтида тўлаб келган тадбиркорларга (объект хусусийлаштириш дастурига киритилган тақдирда) ушбу давлат мулки объектининг ижарага олинган қисми баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотиб олиш ҳуқуқи берилиши эслатилди.

Мазкур тадбир бунга қадар Сурхондарё, Хоразм, Бухоро, Навоий, Жиззах, Фарғона, Андижон вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида, бугун Сирдарё вилоятида ўтказилди ҳамда кейинги ўринда Тошкент вилоятида ва республиканинг қолган барча вилоятларида ўтказилади.

90 Чоп этиш