Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

01 Сентябрь 2021

“Косон нефт газ қидирув экспедицияси” МЧЖ ишчи ходимларининг мурожаати юзасидан муносабат

Жорий йил 30 август куни ижтимоий тармоқлардаги айрим каналларда “Косон нефт газ қидирув экспедицияси” МЧЖ ишчиларининг ойлик маошлари берилмаётгани ва бошқа муаммолар бўйича мурожаатлари чиқарилди.

“Косон нефт газ қидирув экспедицияси” МЧЖ (кейинги ўринларда Косон НГҚЭ деб юритилади) Қашқадарё вилоятидаги нефт-газ мақсадлари учун геология қидирув-бурғулаш ишларини олиб боришга ихтисослашган хўжалик юритувчи субъект ҳисобланади.

Ушбу корхона устав фондидаги “Ўзбекнефтегаз” АЖга тегишли улуш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги қарорига асосан нефт-газ соҳасидаги сервис ва хизмат кўрсатиш корхоналарни “Ўзбекнефтегаз” АЖ таркибидан чиқариш орқали рақобат муҳитини яратиш ва хусусийлаштириш мақсадида Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилган.

Косон НГҚЭнинг фаолияти ўзига хослигидан келиб чиқиб, унинг асосий буюртмачиси “Ўзбекнефтгаз” АЖ (унинг таркибидаги “Ўзнефтгаз бурғулаш ишлари” МЧЖ) ҳамда “Epsilon Development Company” ХК МЧЖ ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, жамиятнинг молия хўжалик фаолияти Давактив агентлиги томонидан доимий таҳлил қилиб борилади ва жорий йил 4 август куни юборилган кўрсатмада унинг фаолиятидаги бир қатор камчиликлар билан бирга жамиятнинг иш ҳақидан бўлган жорий йил май ойининг бир қисми ва июнь-июль ойлари учун қарздорлигини тўлаш чораларини кўриш белгиланган.

Ушбу қарздорликларнинг келиб чиқиши сабаби жамият томонидан бажарилган ишлар учун буюртмачилар билан ўзаро ҳисоб китобларни ўз вақтида амалга оширилмаганлиги ҳисобланади.

Жумладан, “Epsilon Development Company” ХК МЧЖ билан жамият ўртасида тузилган ижара шартномасига асосан бурғулаш станокларини ижарага бериш орқали 84 млрд.сўмлик хизмат кўрсатилган бўлиб шундан қарздорлик 73 млрд.сўмни ташкил этади.

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ “Ўзнефтгаз бурғулаш ишлари” МЧЖнинг жамият олдидаги 3,6 млрд.сўм миқдоридаги  қарздорлигидан 1,8 млрд.сўми жорий йил 31 август куни ундирилиб, ушбу маблағлар иш ҳақидан қарздорликнинг бир қисмини қоплашга йўналтирилди.

Ҳозирда, мавжуд қарздорликни ундиришга қаратилган тегишли чоралар кўрилаётгани ва ундириладиган маблағлар ҳисобидан биринчи навбатда “Косон НГҚЭ” МЧЖнинг иш ҳақидан мавжуд барча қарздорликларини тўлаш чоралари кўрилиши маълум қилинади.

Бу каби ҳолатларнинг келгусида такрорланишининг олдини олиш учун жамият бошқарув органлари томонидан шартномавий муносабатларга қатъий амал қилиш, тўловга қобилиятсиз ташкилотларга хизматлар кўрсатиш ва иш бажарилишига, пировардида ишчи хизматчиларнинг норозилигига йўл қўймаслик чораларини кўриш сўралади.

2953 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech