Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

27 Апрель 2022

Давактив агентлиги департамент бошлиғи Жамшид Тохиров иштирокидаги "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Қонуннинг мазмун-моҳияти тўғрисида брифинг

Жорий йилнинг 12 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонунни қабул қилишдан мақсад юридик ва жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги муносбатларини тартибга солиш, жумладан иқтисодий ночор аҳволга тушган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини қўллаш орқали уларнинг фаолиятини қайта тиклашга қаратилган.

Қонун қуйидаги асосий жиҳатлардан иборат:

1. Қонунда қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомилларини қўллашни рағбатлантириш мақсадида вақтинчалик ҳамда доимий тўловга қобилиятсизлик қоидалари киритилган.

Кредиторлик қарзи миқдоридан қатъий назар қарздор ўз мажбуриятларини камида 3 ой давомида бажармаганда, у вақтинча тўловга қобилиятсиз деб топилади ва унга дастлаб соғломлаштириш таомиллари қўлланилади ҳамда жорий солиқ тўловларини тўлаш тўхтатиб турилади.

Сўнгги ҳисобот йилида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активларидан доимий равишда ошган бўлса, у доимий тўловга қобилиятсиз деб топилиб, унга тугатиш таомиллари қўлланилади.

Ушбу тартиб иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолган юридик ва жисмоний шахсларни банкрот бўлишини олдини олиш ва уларга нисбатан дастлаб соғломлаштириш таомилини қўллаш орқали фаолиятини тиклаш мақсадида киритилган.

2. Тўловга қобилиятсизлик иши қўзғатилган бўлса ҳам қарздор фаолиятини давом эттириши учун зарур бўлган шартномалар ижроси давом эттирилади.

Аксинча, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш қўзғатилгунига қадар қарздор томонидан бозор қийматидан паст ва қарздорнинг молиявий ҳолатини ёмонлаштирадиган каби шартномалар суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги белгиланган.

Бу тартиб ҳам, тўловга қобилиятсизлик иши қўзғатилган корхоналарни фаолият юритишини рағбатлантириш учун жорий этилган. 

3. Қарздорни тўловга қобилиятсизлиги унинг муассиси ёки мансабдор шахслари томонидан ғайриқонуний ҳаракатлар натижасида вужудга келтирилган бўлса, кредитор қарздорликнинг қопланмаган қисми бўйича субсидиар жавобгарликка тортилиши белгиланмоқда.

4. Қонун билан, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларда Адвокатларга ҳам суд бошқарувчиси сифатида иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, суд бошқарувчиларининг ҳуқуқлари кенгайтирилиб, Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматларидан олдиндан ҳақ тўламасдан фойдаланиш, қарздор тўғрисидаги маълумотларни дaвлaт oргaнлaридaн бепул oлиш имконияти яратилди.

Шу билан бирга, иш ҳажмидан келиб чиқиб, суд бошқарувчиларига ҳақ тўлаш ва уларни рағбатлантириш амалиёти жорий этилди.

5. Кредиторлик қарзларни қайтаришни таъминлаш мақсадида, қарздор мулкини такрорий аукцион савдоларига чиқариш, кредиторлар йиғилиши қарори билан мулкнинг бошланғич баҳосини босқичма-босқич 50 фоизгача пасайтириш, маблағларнинг қарзни қоплашга йўналтирилган қисмини қўшилган қиймат ва даромад солиғидан озод этиш каби нормалар киритилди.

6. Мазкур қонун билан 2023 йил 1 январдан бошлаб, жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш институти жорий этилмоқда.

Қарздор жисмоний шахсга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилганда аввало унга қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш тартиб таомили қўлланилади ва қарздор жисмоний шахсга ўз қарзини 3 йил давомида тўлов-графиги асосида бўлиб тўлаш имконияти берилади.

Жисмоний шахс ўз қарзини бўлиб тўлаш графиги асосида тўлай олмаса у суд томонидан банкрот деб топилади. Банкротлик жараёнида қарздор жисмоний шахс мол-мулки етмаганлиги сабабли қопланмай қолган қарзини тўлашдан озод этилади. 

Айтиб ўтиш жоизки, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда жисмоний шахснинг ғайриқонуний ҳаракатлари оқибатида қасддан тўловга қобилиятсизликни вужудга келтирганлиги ёки қарздор жисмоний шахснинг қонунга хилоф ҳаракатлари, фирибгарлик, қарзларни тўлашдан асоссиз равишда бўйин товлаш, кредит олаётганда олдиндан била туриб кредит берувчига сохта маълумотлар тақдим этиш, мол-мулкни яшириш ёки қасддан йўқ қилиш каби ҳолатлар содир этилганлиги исботланган бўлса жисмоний шахс мажбуриятлардан озод этилмайди.

7. Қонунда улуш киритиш асосида қурилган уй-жойларни харид қилган мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоясини таъминлаш мақсадида қурувчиларни тўловга қобилиятсиз деб топишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланмоқда.

Ушбу тартиб билан, тўловга қобилиятсизлик жараёнида улушдорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш кафолатлари белгилаб берилган.

Қонунда иқтисодий ночор холатга тушган инсофли ва ҳалол тадбиркорлик субъектларини ва жисмоний шахсларни молиявий холатини яхшилаш учун уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган нормалар киритилгани ва аксинча тўловга қобилиятсизликни қасддан содир этган ҳолатларда қатъий жавобгарликни назарда тутувчи нормалар жорий этилган.

Ушбу Қонун тўловга қобилиятсизлик ҳолатидаги корхоналарга нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллаш орқали уларнинг фаолиятини тиклаш ва иш ўринларини сақлаб қолишга, қарздор ва кредиторларнинг манфаатларини таъминлашга ҳамда мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини оширишга хизмат қилади.

 

Эътиборингиз учун раҳмат.

2040 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech