Амалдаги қонунчилик ҳужжатларида баҳолаш ва баҳолаш йўналишидаги суд экспертлик фаолиятини тартибга солувчи айрим бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида, “Баҳолаш фаолиятининг янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди (2024 йил 26 августдаги ЎРҚ-945-сон).
Ушбу Қонунда:
- “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 42-моддасига киритилган ўзгартиришларга асосан, баҳоловчи назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўтказадиган текширишларда ва бошқа тадбирларда баҳоловчи ташкилот ҳамда ушбу органлар ўртасида тузилган шартнома асосидагина мутахассис ёки эксперт сифатида иштирок этиши мумкинлиги;
- “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасига киритилган ўзгартиришларга асосан баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларда қўлланилган усулларнинг илмий жиҳатдан асосланганлиги нуқтаи назаридан суд экспертизаси камида уч йил иш стажига эга бўлган суд экспертлари томонидан ўтказилишига йўл қўйилиши ҳамда 16-моддасидаги ўзгартиришларга асосан суд экспертининг мажбуриятларида “текширишларни ўтказишда суд экспертининг хулосасига нисбатан белгиланган талабларга, шунингдек тегишли соҳадаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этиши” белгиланган.
Шунга кўра, баҳоловчиларни назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўтказадиган текширишларда ва бошқа тадбирларда эксперт сифатида иштирок этишининг ҳуқуқий асослари яратилди.
Шунингдек, суд экспертлар томонидан баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар бўйича қўлланилган усулларнинг илмий жиҳатдан асосланганлиги нуқтаи назаридан суд экспертизаси ўтказилиши белгиланиб, баҳоловчи ташкилот томонидан тайёрланадиган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилиги бўйича эксперт хулосасидан фарқи аниқ белгиланди.
Ўз навбатида, баҳолаш жараёнини тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг Ягона миллий баҳолаш стандартига суд экспертлик фаолиятида риоя этилиши суд экспертлар мажбуриятида аниқ кўрсатилди.
Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши баҳоловчилар ва ушбу йўналишдаги суд экспертлар томонидан фойдаланиб келинаётган меъёрий ҳужжатларни бир-бирига мувофиқлаштиришга ҳамда баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг тузилиши ва суд-ҳуқуқ амалиётида тўғри қўлланилишига эришилади.
Шу билан бирга, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ишончлилигини текширишда муаммоларни бартараф қилишга, фуқароларимизнинг ортиқча харажатларини камайтиришга шу билан бирга, республикада мол-мулкнинг ҳақиқий қийматини аниқлашда ягона ёндашувнинг жорий этилишига хизмат қилади.
Қонуннинг тўлиқ матнига ўтиш ҳаволаси.