Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

07 Ноябрь 2022

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибига давлат улуши бўйича номзодларни шакллантириш такомиллаштирилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 ноябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгашига номзодларни шакллантириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 647-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан 2021–2025 йилларда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш Стратегияси доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, қарор билан қуйидагилар белгиланмоқда:

  • устав капитали (фонди)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари (кейинги ўринларда ‒ давлат иштирокидаги корхоналар) кузатув кенгашига номзодларни жалб қилиш жараёнини, хусусан, кузатув кенгаши таркиби ҳамда уларда юз берган ўзгаришларни www.сns.davaktiv.uz махсус веб-портали орқали марказлашган ҳолда бошқариш ва ёритиб бориш;
  • кузатув кенгаши таркиби аъзолигига номзодларни тармоққа оид билим, бошқарув тажрибаси, молиявий, корпоратив бошқарув, стратегик режалаштириш ҳамда бошқа малакалар каби мезонлар асосида танлов асосида аниқлаш амалиётини жорий этиш;
  • 2023 йил 1 январдан бошлаб давлат иштирокидаги корхоналар томонидан бошқарув ва назорат органларининг амалдаги таркибидаги ўзгаришлар, улардаги мавжуд бўш ўринлар тўғрисидаги маълумотларни ушбу ўзгаришлар содир бўлган санадан икки иш куни ичида мажбурий тартибда махсус порталга жойлаштириб бориш;
  • давлат иштирокидаги корхоналарнинг бошқарув ва назорат органларининг амалдаги таркибидаги ўзгаришлар, улардаги мавжуд бўш ўринлар тўғрисидаги маълумотларни махсус порталга жойлаштирмаган корхоналарнинг ижро этувчи органи ҳамда кузатув кенгаши аъзоларини рағбатлантиришга йўл қўймаслик;
  • трансформация қилиниши белгиланган 71 та корхоналарга мазкур қарор талабларини тадбиқ этилмаслик, мазкур корхоналар кузатув кенгаши таркибига давлат улуши бўйича номзодларни Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ушбу корхоналарда давлат номидан мулкдор (муассис, акциядор, иштирокчи) функцияларини бажарувчи вазирлик, идоралар ва Стратегик ислоҳотлар агентлиги билан келишган ҳолда шакллантириш.

Шунингдек, қарор билан Давлат иштирокидаги корхоналарнинг кузатув кенгаши таркибига давлат улуши бўйича номзодларни саралаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиб, унга кўра:

  • номзодларнинг аризаларини махсус веб-портал орқали қабул қилиш;
  • Давлат активларини бошқариш агентлигида масъул вазирликлар ходимлари иштирокида тузиладиган номзодларни саралаш комиссияси томонидан номзодларни мезонлар асосида баҳолашдан ўтказиш, ҳар бир ўринга камида 3 та номзод рўйхатини (short list) шакллантириш ва уларнинг ичидан суҳбат асосида муносиб битта номзодни танлаш;
  • кузатув кенгаши аъзолиги бўйича танловда қуйидагиларга давлат улуши бўйича номзод сифатида иштирок этишни тақиқлаш:

         - олий маълумот ва икки йиллик иш тажрибасига эга бўлмаган шахслар;
         - давлат бошқаруви органларининг тартибга солувчи ёки назорат функциясини амалга оширувчи ходимлари;
         - коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахслар, иқтисодий жиноятлар ёки бошқарув тартибига қарши жиноятлар учун тугалланмаган судланганлиги мавжуд шахслар;
         - корпоратив бошқарувчи малака аттестатига эга бўлмаган шахслар;
         - беш ва ундан ортиқ кузатув кенгашларида аъзо бўлган шахслар;
         - сўнги 3 йилда жамиятда ёки унинг аффилланган шахсларида аудиторлик хизматларини кўрсатган ташкилот ходими;

  • корхонанинг таъсис ҳужжатларида кузатув кенгаши аъзолари учун гендер тенглик назарда тутилган бўлса, аёл ва эркак номзодлар учун алоҳида саралашни амалга ошириш;
  • ушбу Низом талабларини маҳаллий ҳокимликлар иштирокидаги корхоналарга нисбатан татбиқ этмаслик белгиланмоқда.

2167 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech