Welcome to Госактив   Matnni eshitish uchun quyidagini bosing! Welcome to Госактив GSpeech
  eye                     
   
 

ОБЪЯВЛЕНИЕ

Агентство по управлению государственными активами Республики Узбекистан объявляет конкурс на замещение руководящих и других должностей в центральном аппарате Агентства Подробнее...

Ҳурматли ишбилармон ва тадбиркорлар!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 октябрдаги ПФ-5552-сонли “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан давлат мулки объектлари 1 сўм бошланғич қийматида инвестиция киритиш шарти билан “E-ijro auksion” электрон савдо ташкилотининг савдо майдончалари аукцион савдоларига чиқарила бошлади. Batafsil...

korporativ_160Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришиши билан мамлакатнинг устувор вазифаси иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини ва жамият барқарор ривожланишини таъминлаб берадиган кўп укладли иқтисодиёт ҳамда рақобат муҳитини шакллантиришнинг ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитларини яратишдан иборат бўлди.

Ўтиш иқтисодиётига эга бўлган мамлакатларни ислоҳ қилиш тажрибасининг кўрсатишича, маъмурий-режали иқтисодиётдан хўжалик юритишнинг бозор муносабатларига асосланган моделига равон тарзда ўтишнинг муҳим воситаси бу – реал мулкдорлар синфининг шаклланишига ҳамда хусусийлаштирилган корхоналарда самарали корпоратив бошқарув усулларини жорий қилишга имкон берадиган хусусийлаштириш ва акциядорлаштириш ҳисобланади. Ўтиш иқтисодиёти шароитида корпоратив бошқарув тизимини амалиётга жорий қилиш мамлакатда хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқариш, шунингдек, давлат мулки корхоналарини акциядорлаштириш бўйича иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш билан бошланди.

1991 йил 19 ноябрда “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрсида”ги қонун қабул қилиниши билан давлат корхоналарини акциядорлик жамиятларига айлантириш орқали хусусийлаштириш имконияти яратилди. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш соҳасида ягона сиёсатни ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 10 февралдаги Фармони билан Давлат мулки қўмитаси (ДМҚ) ташкил этилди.

Шундан кейин, 1990-чи йилларнинг бошида бошланган хусусийлаштириш бўйича иқтисодий ислоҳотлар даврида давлат корхоналари акциядорлик жамиятларига айлантирилди. Дастлаб, ишлаб чиқаришни қайта таркиблаш асосида Самарқанд касаначилик фабрикаси, Сирдарё ипак-тўқимачилик фабрикаси акциядорлик жамиятларига айлантирилди. Уларни акциядорлаштириш тажрибаси давлат тасарруфидан чиқаришнинг кейинги жараёнларида инобатга олинди.

Акциядорлик жамиятларига айлантирилган корхоналар акцияларини ўша пайтда қадрсизланган рубль валютасига сотиб олиниши имкониятини чеклаш учун 1994 йилгача фақат ёпиқ турдаги акциядорлик жамиятлари барпо этилди. Бундай ёпиқ турдаги акциядорлик жамиятларида акциялар 51 фоиз давлатга ва 49 фоиз меҳнат жамоаси аъзоларига тарзида тақсимланди. 1994 йилдан кейин, майда акциядорлик жамиятларидан бошқа уларнинг барчаси мунтазам равишда очиқ турдаги акциядорлик жамиятларига айлантирилди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда корпоратив бош­қарув тизимини шакллантириш ва ривожлантириш юзасидан, биринчи навбатда, муайян қонунчилик базасини яратиш муҳим роль ўйнади. Чунки корпоратив бошқарув соҳасидаги қонунчилик базаси корхоналарда корпоратив бошқарув тизимини қарор топтириш ва уни ривожлантириш жараёнини рағбатлантирувчи энг муҳим омил саналади. Зеро, корпоратив бошқарувнинг миллий тизими мамлакат тарихи, унинг ҳуқуқий, сиёсий ва ижтимоий анъаналари билан бирга ривожланади ва у ёки бу давр оралиғидаги жамиятнинг тарихий вазиятига боғлиқ бўлади.

Мамлакатимизда корпоратив бошқарув асосларини шакл­лантириш корпоратив қонунчилик базасини яратишдан, авваламбор, корпоратив муносабатларни тартибга солувчи муҳим қонунларни қабул қилишдан бошланди. 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-54-моддаларида бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил қилиши, хусусий мулкга эга бўлиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқининг ўрнатилиши ва унинг давлат томонидан ҳимоя қилиниши корпоратив бошқарув тизимини қўллаб-қувватловчи асосни ҳосил қилди.

1992 йил 9 декабрда “Хўжалик жамиятлари ва ширкатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, унда акциядорлик жамиятларини ташкил этиш механизми, уларнинг фаолият юритиш ва бошқариш принциплари белгиланди. Шуни қайд этиш жоизки, мазкур қонунда акциядорлик жамиятлари фаолиятининг бевосита ташкилий асосларига фақатгина бир неча моддалар бағишланди, шунинг учун бундай мураккаб ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги корхона фаолиятининг кўпгина жиҳатлари тадбиркорлар, хусусан, фонд бозори иштирокчиларига мавҳум бўлиб қолди.

1994 йил 21 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, хусусий мулк манфаатларини ҳимоя қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, унда ёпиқ турдаги акциядорлик жамиятларини фуқароларнинг давлат тасарруфидан чиқариш ва хусу сийлаштириш жараёнига эркин киришини таъминлайдиган очиқ турдаги акциядорлик жамиятларига айлантириш, республика фонд биржасини ташкил этиш бўйича қарорлар қабул қилинди. Кейинчалик, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 15 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармони билан мамлакат иқтисодий тизимини ислоҳ қилиш давом эттирилди ҳамда майда хусусийлаштиришдан йирик хусусийлаштиришга ўтиш бўйича бир қатор янги қадамлар қўйилди.

Белгиланганидек, қимматли қоғозлар бозорини ривож­лантириш ва очиқ турдаги акциядорлик жамиятларини ташкил этиш билан бир вақтда, давлатга тегишли акциялар улушини қисқартириш орқали аҳолини иқтисодий ислоҳотлар жараёнига кенг жалб этиш давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланди. Очиқ турдаги акциядорлик жамиятлари устав капиталини шакллантириш чоғида акция­лар пакетини қуйидаги қисмларга бўлиш кўзда тутилди: давлатга тегишли, меҳнат жамоасига тегишли, хорижий шерикка тегишли, фонд биржалари ва қимматли қоғозлар бозорларида, шу жумладан, чет элларда эркин сотиш учун мўлжалланган қисми. Илгари ташкил этилган ёпиқ турдаги акциядорлик жамиятлари Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 29 мартдаги 171-сон қарори билан тасдиқланган “Ёпиқ турдаги акциядорлик жамиятларини очиқ турдаги акциядорлик жамиятларига айлантириш тўғрисидаги низом”га асосан очиқ турдаги акциядорлик жамиятларига айлантирилди.

Ўзбекистонда давлат корхоналарини акциядорлаштириш натижалари шундай динамикага олиб келдики, 1994 йил 1 январь ҳолатида – жами 1035 та (64 та ОАЖ, 971 та ЁАЖ), 1995 йил 1 январь ҳолатида – жами 3095 та (2885 та ОАЖ, 210 та ЁАЖ), 1996 йил 1 январь ҳолатида жами 4028 (3920 та ОАЖ, 108 та ЁАЖ) акциядорлик жамиятлари рўйхатдан ўтказилди (1991-1996 йиллар бўйича бюллетень, ДМҚ, 1996).

Фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга оид ҳуқуқларини рўёбга чиқаришни тартибга солинишини самарали таъминлаш учун Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 1995 йилдан кучга кирди ва унинг 58-72-моддаларида тижорат ташкилотлари, шу жумладан, хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг ҳуқуқий ҳолати қатъий белгиланиб, корпоратив бошқарув асослари мустаҳкамлаб қўйилди.

Акциядорлик жамияти фаолиятининг асосий натижаси, унинг акциядорларга тўланадиган дивидендлари бўлиб ҳисобланади. Бироқ, ҳеч бир ҳуқуқий ҳужжатда акциядорлик жамияти томонидан дивидендларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби белгиланмаган эди. Шу боис, 1995 йил 29 мартда Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан “Акциядорлик жамиятлари томонидан дивиденд­ларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланиб, Адлия вазирлигида 133-сон билан рўйхатга олинди. Мазкур низомда дивидендларни тўлаш ҳақидаги қарор акциядорлик жамиятининг молия-хўжалик фаолиятини ҳисобот даврида аудиторлик текширувидан ўтказиш натижаларига кўра акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилиниши белгиланди.

Корпоратив бошқарув тизимини шакллантиришда молия ва саноат капиталини бирлаштириш, иқтисодий жиҳатдан самарали бўлган хўжалик алоқаларини ривож­лантириш, иқтисодиётнинг турли секторларида интеграцияни таъминлаш, корхоналарни бошқаришнинг замонавий шакллари ва тузилмаларини яратиш ҳам жуда муҳим бўлди. Шу мақсадда, Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 12 сентябрдаги 354-сон қарори билан “Молия-саноат гуруҳлари тўғрисидаги низом” ҳамда 1995 йил 12 октябрдаги 398-сон қарори билан “Холдинглар тўғрисидаги низом” тасдиқланиб, иқтисодиётда молия-саноат гуруҳлари (МСГ) ва холдинг компаниялари каби корпоратив тузилмаларни ташкил этишга йўл берилди. МСГ ўз қатнашчиларининг моддий ва молия ресурсларини қўшиш йўли билан капиталларни бирлаштириш асосида фойда олиш мақсадида фаолият юритувчи кредит-молия муассасалари, инвестиция муассасалари, корхоналар, бошқа муассасалар ва ташкилотларнинг хўжалик уюшмасидир. Бироқ, мамлакатимизда бундай мураккаб корпоратив тузилма ўз ривожини топмади, оқибатда, “Молия-саноат гуруҳлари тўғрисидаги низом” 2001 йилда ўз кучини йўқотди.

МСГдан фарқли ўлароқ холдинг компаниялари эса иқтисодиётда кенг ривожланди. “Холдинглар тўғрисидаги низом”га мувофиқ активлари таркибига бошқа корхоналарнинг акциялари назорат пакетлари кирадиган акциядорлик жамияти холдинг ҳисобланади. Акцияларининг назорат пакетлари холдинг активларига кирувчи корхона шўъба корхона ҳисобланади. Холдинглар, шу жумладан, давлат тасарруфидан чиқариш жараёнида ташкил этиладиган холдинглар, монополияга карши органнинг рухсати билан ташкил этилади. Ушбу ҳужжат асосида Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 31 январдаги 45-сонли қарори билан қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғида Ўзбекистонда биринчи холдинг компанияси – “Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг” ташкил этилди.

(Биринчи мақола)

 

Зуфар АШУРОВ,

Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги

Тадқиқотлар маркази директори ўринбосари в.б.

(давоми кейинги сонларда)

??????? Orphus
Matnni eshitish uchun quyidagini bosing! GSpeech