Welcome to Госактив   Matnni eshitish uchun quyidagini bosing! Welcome to Госактив GSpeech
  eye                     
   
 

elon right small

 

Биз ижтимоий тармоқларда

elon right smallTelegram каналимиз

Парламент қуйи палатаси Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2019 йил биринчи ярмида бажарилишининг бориши тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботини эшитди.

 

 

Ҳисоботни Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов тақдим этди. Берилган ахборотда қайд этилишича, давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,8 фоиз ўсган. Хусусан, саноат тармоқларида бу кўрсаткич 6,9 фоиз, жами хизматларда 12,7 фоиз, чакана савдо айланмасида 6,4 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 2,1 фоиз бўлди. Асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 1,6 баравар, қурилиш ишлари 20,0 фоиз ошди. Бу даврда давлат бюджетининг даромадлари 50,7 трлн. сўмни (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 марта кўп), харажатлари эса 55,3 трлн. сўмни ташкил этди. Давлат бюджети харажатлари таркибида энг юқори улуш (54,4 фоиз) ижтимоий соҳаларга тўғри келди. Маҳаллий ҳокимият органларининг маҳаллий бюджет даромадларини шакллантиришдаги эркинлиги сезиларли даражада оширилди.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида жами 1 166 млрд. сўмлик ҳажмда иш бажарилган. Мазкур маблағлар ҳисобидан 

47,6 мингта якка тартибдаги уй-жой, 232 та кўп хонадонли уй-жой таъмирланиб, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. 637 км. ичимлик сув тармоқлари яхшиланди, 2 128 км. электр, 215 км. газ тармоқлари янгидан қурилди ва реконструкция қилиниб, капитал таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, 53 та ижтимоий соҳа, 78 та бозор инфратузилма объекти фойдаланишга топширилди. Тадбиркорликка оид ижтимоий дастурлар доирасида 5,1 трлн. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Ушбу имтиёзли кредитларнинг 4,5 трлн. сўми “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 249 мингдан ортиқ оилага ажратилган.

Ҳукумат ҳисоботида келтирилган ҳар бир рақам ва далил чуқур таҳлил қилинди. Давлат дастурида белгиланган муҳим ижтимоий-иқтисодий вазифалар, чора-тадбирларнинг ижроси ҳолати қизғин муҳокамалар марказида бўлди. Давлат дастуридаги жами 139 та банддан 23 таси (16,5 фоизи)нинг ижроси тўлиқ таъминланмагани танқид қилинди. Хусусан, қонун ҳужжатларини тайёрлаш ва қабул қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, иқтисодий фаолиятдаги давлат иштирокининг аниқ чегараларини белгилаш, 2030 йилгача урбанизацияни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бугунги кунга қадар қабул қилинмаган. Давлат дас­турида назарда тутилган қатор қонун лойи­ҳалари устида олиб борилаётган ишлар таҳлилига кўра, уларни ўз вақтида ва пухта ишлаб чиқиш, манфаадор вазирлик ва идоралар билан келишиш, парламент қуйи палатасига кўриб чиқиш учун киритиш етарли даражада йўлга қўйилмаган. Натижада “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги, “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги, “Дипломатик хизмат тўғрисида”ги, Солиқ кодексининг янги таҳририни тасдиқлаш каби қонун лойиҳаларини белгиланган муддатларда тайёрлашда қатор муаммолар юзага келмоқда.

Дастурнинг 155-бандида белгиланган давлат тиббиёт муассасаларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, хусусан, 16 та тумандаги тиббиёт муассасаларини “ҳар бир даволанган ҳолат” учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича ва киши бошига молиялаштириш механизмларини жорий этиш юзасидан самарали чора-тадбирлар кўрилмаяпти. Аҳолига кўрсатилаётган онкологик тиббий хизмат сифатини ошириш ва профилактик тадбирлар қамровини кенгайтиришга йўналтирилган давлат дастури доирасидаги амалий чора-тадбирлар ҳам ҳанузгача якунига етказилмаган.

Ички автомобиль йўлларининг ҳозирги ҳолати, уларни таъмирлаш ҳамда сақлаш ишларининг талаб даражасида эмаслиги танқид остига олинди. Давлат дастурининг 178-бандига мувофиқ, шаҳар кўчалари ҳамда бошқа аҳоли пунктларининг ички йўлларини капитал ва жорий таъмирлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Давлат дас­турида назарда тутилган ташқи транспорт, логис­тика тизимини ривожлантириш, логис­тика марказларини такомиллаштириш, юк оқимини бошқаришга замонавий усулларни ва техник воситаларни жорий этишга етарлича эътибор қаратилмаяпти. Шунингдек, айрим вазирликлар томонидан пахта, ғалла, мева-сабзавот ва бошқа йўналишлардаги кластерлар фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш, 2019-2024 йилларда мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш миллий дастурини ишлаб чиқиш, ҳудудларда инвестиция хабларини ташкил этиш борасидаги ишлар якунига етказилмаган.

Умуман, ҳар бир белгиланган вазифанинг таг-замирида халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, одамларнинг давлатдан рози бўлиб яшашига эришишдек муҳим мақсадлар тургани боис, уларнинг ижросини кечиктирмасдан, ўз вақтида адо этиш ҳал қилувчи аҳамият касб этиши таъкидланди.

Парламент вакиллари жойларда сайловчилар билан учрашувларда аҳоли томонидан кўтарилаётган ва бевосита давлат дастурига дахлдор бир қатор масалаларга ҳукумат аъзолари эътиборини қаратишди. Бугунги кунда жамиятимизда долзарб бўлиб турган, ижтимоий тармоқларда жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинаётган бир қатор муҳим масалаларни ўртага ташладилар. Ўз навбатида, Бош вазир ўринбосари А. Абдуҳакимов транспорт воситаларининг орқа ва ён ойналари тусини ўзгартириш, кундуз куни автомобилларнинг чироғини ёқиб юришга доир муаммоларни ҳал этиш масаласи бир неча ой аввал депутатлар томонидан кўтарилганини мамнуният билан таъкидлаб, кўчмас мулк ва турар жойларни бузиш билан боғлиқ муаммолар хусусида ҳам тўхталиб ўтди. Айниқса, кўчмас мулкларни бузиш борасида Президентнинг тегишли фармони, Вазирлар Маҳкамасининг қарори талаблари жойларда маҳаллий ҳокимлик­лар томонидан етарлича бажарилмаётганини таъкидлаб, ушбу масалалар ҳукумат томонидан атрофлича ўрганилиб, кўчмас мулк ва турар жойларни бузиш бўйича ишлар пухта кўриб чиқилиб, унинг молиявий манбалари ҳал бўлмагунча амалга оширилмаслигини ва бу борада тегишли ҳужжат ишлаб чиқилишини, “тонировка” масаласи бугун-эрта тўлиқ ҳал этилиши юзасидан амалий чоралар ишлаб чиқилганини маълум қилди. Бу каби долзарб масалаларни ҳал қилишда парламент аъзоларини яқин ҳамкорликда фаолият кўрсатишга чақирди.

Ҳукумат ҳисоботи юзасидан ҳар бир сиё­сий партия фракцияси ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари ўз нуқтаи назарини баён қилдилар.

Шуҳрат ШАРАФУТДИНОВ, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партия­си фракцияси аъзоси:

– Муҳокамаларда давлат дастурини самарали амалга оширишда божхона, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғи имтиёз­ларини тақдим этишга бўлган амалдаги ёндашувни қайта кўриб чиқиш зарурлигига эътибор қаратдик. Тадбиркорликни ривожлантиришда маҳаллий ҳокимият органларидаги мавжуд бюрократик тўсиқ ва субъектив омилларни бартараф этиш юзасидан ҳукумат алоҳида кўрсатмадан иборат норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиб, қатъий назоратни амалга ошириши, зарур ҳолларда депутатлар билан бу соҳада фаол ҳамкорликни йўлга қўйиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Азамат ПАРДАЕВ, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоси:

– Муҳим масалалардан бири ҳисобланган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўналишида кундалик истеъмол маҳсулотларининг таркибида трансёғлар, жумладан, пальма ёғининг мавжудлиги, унинг инсон организмига салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида барча норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ва нормативларни қайта кўриб чиқиш керак, деган фикрдамиз. Бундан ташқари, мактаб ўқувчиларининг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби қадимий, сайёҳлик марказига айланган шаҳарларимизга тизимли ташрифини амалга оширишни назарда тутадиган механизм­ни ишлаб чиқиш фойдадан холи бўлмайди. Ҳукуматга ҳунармандларни солиққа тортиш, уларга кредит бериш тизимини қайта кўриб чиқиш, ер майдонлари ажратилишида енгилликлар тақдим этишни жорий қилиш бўйича таклифни илгари сурдик.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Ўзбекис­тон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси:

– Давлат дастури ижросига алоҳида эътибор қаратилган, кўпгина амалий ишлар қилинган. Шу билан бирга, ҳукумат томонидан ҳудудларни ижтимоий ривожлантиришга оид чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш, белгиланган вазифаларни бажариш борасидаги мавжуд имкониятдан тўлиқ фойдаланилмаган ҳолатлар ҳам кузатилди. Жумладан, соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий санитария, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган хизматлар сифатини ошириш, арзон ва сифатли дори-дармон, тиббий буюмлар билан таъминлаш, хусусий тиббиётни ривожлантириш соҳасида ҳукумат, вазирлик ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари олдида ҳали муҳим вазифалар турибди. Давлат дастурида белгиланган ҳар бир тадбир ижроси барчамизнинг фаолиятимиз индикатори ва тарозиси бўлиши лозим. Ана шу тамойилдан келиб чиқиб, ҳукумат томонидан эътибор қаратилиши керак бўлган таклиф-тавсияларни илгари сурдик.

Жамшид ПИРМАТОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

– Фракциямиз аъзолари касбий таълимни ташкил этиш ва муайян касб эгаси бўлган кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш масаласини кўтардик. Боиси, ёшлар бандлигини таъминлашда касбий ўқув муддатларини зарур билим, малака ва кўникмаларнинг мураккаблигига қараб турлича белгилаш бўйича вазифаларни ўз вақтида бажариш ўта долзарб масала ҳисобланади. Дастурда белгиланган маҳаллий ҳокимликларнинг ихтиёрида қолаётган маблағларнинг самарали ишлатилишини назорат қилиш механизмини ишлаб чиқиш ҳам кечиктириб бўлмас масалалардан саналади. Бу борада жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш зарур. Ушбу тизимнинг яратилиши ҳудудларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Нурия АЙТЖОНОВА, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзоси:

– Давлат дастури доирасида атроф-муҳитни муҳофазалаш борасида олиб борилаётган қатор ижобий ишларни эътироф этган ҳолда, баъзи масалаларга эътиборни янада кучайтириш даркор. Хусусан, дастурда белгиланган “яшил иқтисодиёт” тамойиллари орқали ижтимоий ривожланишга, иссиқхона газлари чиқарилиши даражасини пасайтиришга, экологик барқарорликка ёрдам берувчи иқтисодий тараққиётга эришишга қаратилган стратегияни ишлаб чиқиш жараёнларини якунлаш лозим. Жойлардаги ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш ҳамда оқова сув тармоғини ривожлантириш чора-тадбирларининг манзиллилиги ва натижадорлигига эришиш ҳам, бизнинг назаримизда, жуда муҳим аҳамиятга эга. Давлат дастурида белгиланган санитария-тозалаш хизматлари фаолиятини кенгайтиришга қаратилган ишларни жадаллаштириш, энг муаммоли масалалардан бири полимер плёнкали пакетларни ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш билан боғлиқ вазифаларнинг ижросини тўлиқ таъминлашга эътиборни кучайтириш мақсадга мувофиқ.

Замира ТОЖИЕВА.

 

??????? Orphus
Matnni eshitish uchun quyidagini bosing! GSpeech